Байден Украина учун ленд-лиз тўғрисидаги қонунни имзолади
Олам
−
10 Май 2022
7999Кеча, 9 май куни АҚШ Президенти Жо Байден Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишни соддалаштириш мақсадида Украинага ленд-лиз бўйича қурол етказиб бериш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби ёрдамчиси Анжела Перес ўзининг Twitter’ида маълум қилди.
“Украинанинг 2022 йилги демократиясини ҳимоя қилиш учун ижарага бериш тўғрисидаги қонун имзоланди”, деб ёзган у ва Байденнинг Оқ уйнинг Овал кабинетида ҳужжатни имзолагани фотосуратини илова қилган.
Оқ уй матбуот хизматига кўра, давлат раҳбари яна бир бор АҚШ Украинани “мамлакат ва демократияни ҳимоя қилиш курашида” қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
“Ҳар куни украиналиклар ўз ҳаётлари учун курашмоқда ... Жанг нархи арзон эмас, аммо тажовузга таслим бўлиш бундан ҳам қиммат”, дея Байденнинг сўзларидан иқтибос келтирилган.
Охирги марта Иккинчи жаҳон уруши даврида қўлланган ленд-лиз дастури АҚШ Сенати томонидан жорий йилнинг апрелида қайта тикланди. Бундан олдин қонун 1941 йилда қабул қилинган.
Қонун Қўшма Штатларга Киевга тезда қурол-яроғ, транспорт, озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур нарсаларни ижара асосида ёки бепул етказиб беришга йўл очади.
АҚШ 1941 йилда Иккинчи жаҳон урушига киргунга қадар, урушда фаол қатнашмаган бўлса-да, бу қонундан Британия ва унинг бошқа иттифоқчиларига моддий ёрдам кўрсатиш учун фойдаланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь