Путин Украинадан дон экспорт қилиш йўлларини айтди

Олам 15403
image

Россиянинг Украинадан дон олиб кетишга тўсқинлик қилиб, озиқ-овқат инқирозига йўл очаётгани ҳақидаги баёнотлар уйдирма. Россия Президенти Владимир Путин шундай фикр билдирди.

Россия Президентининг “Москва. Кремль. Путин” дастурига берган интервьюсида таъкидлашича, жаҳон озиқ-овқат бозоридаги ноқулай вазият Россиянинг Украинадаги “махсус операцияси”дан олдин ҳам, яъни 2020 йилда “коронавирус пандемияси оқибатларига қарши кураш жараёнида” шакллана бошлаган.

“Биз ҳозир жаҳон озиқ-овқат бозорида содир бўлаётган воқеалар, ушбу бозорда юзага келаётган муаммолар учун жавобгарликни Россия зиммасига юклашга уринишларни кўрмоқдамиз. Бу, халқимиз айтганидек, бу муаммоларни касал бошдан соғлом бошга ўтказишга уринишдир”, дейди Путин.

РФ Президенти донни экспорт қилишнинг бир қанча усулларини айтиб ўтган. Биринчидан, Украина назоратидаги Николаев ва Одесса портларидан фойдаланиши мумкин, фақат бунинг учун улар порт атрофини миналардан тозалаши керак.

“Биз миналардан тозалаш жараёнидан денгиз орқали ҳужум қилиш учун фойдаланмаймиз”, дея қўшимча қилган у.

Бундан ташқари, у уруш бошланганидан кейин Россия томонидан босиб олинган Бердянск ва Мариуполь портларидан ҳеч қандай шартларсиз фойдаланишни таклиф қилди.

“Биз тинч ўтишни таъминлаймиз, бу портларга яқинлашиш хавфсизлигини кафолатлаймиз, хорижий кемаларнинг кириб келиши ва уларнинг ҳаракатланишини таъминлаймиз”, дейди Путин.

Бундан ташқари, Дунай бўйлаб Венгрия, Руминия ёки Польша орқали ғалла экспорт қилиш мумкин, дейди у. Путиннинг сўзларига кўра, энг осон ва энг арзон вариант, ғаллани Беларусь орқали экспорт қилишдир. Аммо бунинг учун Беларусга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бекор қилиш керак, дея қўшимча қилган Россия етакчиси.

“Шундай қилиб, Украинадан ғалла экспорти билан боғлиқ муаммолар йўқ”, дея хулоса қилган Россия раҳбари.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 29
Рейтинг: 3.3
t
×