Путин Россия Украинага қарши уруш бошлаганини ҳам инкор қила бошлади

Олам 17670
image

Президент Владимир Путиннинг фикрича, Россия Украинага қарши уруш бошламаган. У фақатгина “урушни тугатиш” учун ҳаракат қиляпти. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президенти бугун, 7 сентябрь куни Владивостокда бўлиб ўтган Шарқий иқтисодий форумнинг ялпи мажлисидаги нутқида айтиб ўтди.

24 февралдан кейин Россия нима ютди, нима йўқотди, деган саволга жавоб берар экан, у уруш суверенитетни мустаҳкамалаш учун эканини айтиб ўтган.

“Биз ҳеч нарса йўқотганимиз йўқ. Ва биз ҳеч нарсани йўқотмаймиз. Асосий ютуқ – суверенитетимизни мустаҳкамлаш. Ҳа, маълум бир қутбланиш бор, лекин мен дунёда ҳам, мамлакат ичида ҳам бу фақат фойдали эканлигига ишонаман. Чунки барча кераксиз, зарарли ва бизни олға силжишимизга тўсқинлик қиладиган нарса суриб ташланади, биз жадалликка, эришамиз, чунки замонавий тараққиёт фақат суверенитетга асосланиши мумкин. Бу борадаги барча қадамларимиз суверенитетни мустаҳкамлашга қаратилган.

Ва иккинчи ва энг муҳими. Буни яна бир бор таъкидламоқчиман. Кўпинча эшитиляпти. Биз ҳарбий ҳаракатлар нуқтаи назаридан ҳеч нарсани бошламадик, фақат тугатишга ҳаракат қилмоқдамиз”, деган Украинани суверенитетидан маҳрум қилиш ниятидаги Путин.

Путин яна Украинадаги жанговар ҳаракатлар 2014 йилда бошланганини такрорлаган. У Донбассда тинч аҳоли ўлдирилганини иддао қилган.

Россия, Путиннинг сўзларига кўра, вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга бўлган бир неча уринишларидан сўнг “била туриб” муаммони “қурол кучи билан” ҳал қилишга қарор қилган. 

“Бизнинг барча ҳаракатларимиз Донбассда яшовчи одамларга ёрдам беришга қаратилган, бу бизнинг бурчимиз ва биз буни охиригача бажарамиз”, дейди Украина ҳудудларини бирин-кетин босиб олаётган Россия Президенти.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 50
Рейтинг: 3.1
t
×