Россия бутун Марказий Осиёни газлаштиришга тайёр – Путин
Олам
−
08 Ноябрь 2023
8930Россия Қозоғистонга мамлакатнинг шимолий ва шарқий ҳудудларини газлаштиришда ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин “Казахстанская правда” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
“Қозоғистонга келсак, Россия жорий йилнинг 18 январида “Газпром” ва Қозоғистон ҳукумати ўртасида имзоланган газ соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитасига мувофиқ, шимолий ва шарқий ҳудудларни газлаштиришда ёрдам беришга тайёр”, деган давлат раҳбари.
Унинг билдиришича, ҳозирда тегишли газ транспорти инфратузилмасидаги носозликларни тузатишнинг турли вариантлари ўрганилмоқда.
Путин сўзида давом этиб, жорий йилнинг 1 ноябрида Санкт-Петербург халқаро газ форуми доирасида “Газпром” раҳбари Алексей Миллер ва Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр геологик қидирув, қазиб олиш, қайта ишлаш, газ етказиб бериш ва ташишни назарда тутувчи стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаганини эслатиб ўтган.
Умуман олганда, газ соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида тўхталар экан, Россия давлат раҳбари бу борада кенг истиқболлар очилаётганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, бунга, жумладан, Россия ва Марказий Осиёда кўп йиллар давомида ривожланган газ ташиш ва газ тақсимлаш тизимларининг инфратузилмаси ва йўналишлари ҳамда икки томонлама ва кўп томонлама асосда юқори даражадаги мувофиқлаштириш сабаб бўлмоқда.
“Эслатиб ўтай, 7 октябрь куни биз Қозоғистон ва Ўзбекистон Президентлари билан биргаликда Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга Россия табиий газини етказиб беришни бошлаш маросимида иштирок этган эдик. Бу йўналиш мавжуд газ транспорти тармоқларидан энг самарали фойдаланиш имконини беради ва нафақат уч давлатимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақаси ривожига хизмат қилади. Келгусида туркманистонлик ҳамкасбларимиз билан маслаҳатлашувлар ўтказишни мақсадга мувофиқ деб биламиз. Улар анъанавий равишда ушбу бозорларда иштирок этадилар ва уларнинг бундай ўзаро таъсирга қўшилиши умумий манфаатларга мос келади”, деган у.
Путин, шунингдек, Россия ва Қозоғистон ўртасидаги нефть соҳасида конструктив ҳамкорликни қайд этган. Россия раҳбари Каспий қувурлари консорсиумининг логистика имкониятларидан фойдаланган ҳолда мамлакатлар нефтни жаҳон бозорларига энг ишончли ва тежамкор усулда ташишни таъминлаб, ОПЕК+ ҳамкорлари билан биргаликда жаҳон нефть бозори барқарорлиги ва прогнозлилигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшади.
Эслатиб ўтамиз, Санкт-Петербург халқаро газ форуми доирасида Россиянинг “Газпром” очиқ акциядорлик жамияти раҳбари Алексей Миллер Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов билан энергетика комплекси соҳасида ҳамкорлик бўйича стратегик меморандумни имзолади.
Шунингдек, форум доирасида, Миллер ва Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр ўртасида ўтган ишчи учрашувда Стратегик ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Ҳужжат табиий газни етказиб бериш, ташиш ва қайта ишлаш, шунингдек, уни геология-қидирув ва қазиб олиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Форумда сўз олган Миллер ҳозирда Россиянинг “Газпром” компанияси ва Қозоғистон Остона шаҳрини газлаштириш учун етказиб бериш йўналиши устида ишлаётгани, компания Қозоғистон ва Ўзбекистонга етказиб бериш ҳажмини ошириш учун янги йўналишлар ва Бухоро-Урал газ қувурини ҳам кўриб чиқаётганини билдирган.
Шунингдек, унинг айтишича, Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги газ соҳасидаги ҳамкорлик 15 йилни ташкил этади, узоқ муддатли ҳамкорлик шартномаси 2024 йил ўрталарида тузилиши мумкин.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 7 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон етакчиси Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга Россия газини етказиб беришга старт берган эди. Унга кўра, Ўзбекистон ҳар йили Россиядан тижорий шартнома асосида 2,8 миллиард куб метр газ сотиб оладиган бўлди.