Ўзбекистон Ҳукумати “Газпром” билан яна бир ҳужжатни имзолади
Олам
−
01 Ноябрь 2023
8180Россиянинг “Газпром” очиқ акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида энергетика комплекси соҳасида ҳамкорлик бўйича стратегик меморандум имзоланди. Бу ҳақда “Газпром” сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, Санкт-Петербург халқаро газ форуми доирасида “Газпром” раҳбари Алексей Миллер ва Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтган.
“Учрашувда Алексей Миллер ва Жўрабек Мирзамаҳмудов энергетика комплекси соҳасида ҳамкорлик бўйича стратегик меморандумни имзоладилар. Ҳужжатга кўра, томонлар газ таъминоти ва ташиш соҳасида, шунингдек, углеводородларни геология-қидирув ва қазиб олиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш ниятида”, дейилади хабарда.
Томонлар октябрь ойида бошланган Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга етказиб бериш масаласини ҳам муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон “Газпром” билан газ етказиб бериш бўйича ўрта ва узоқ муддатли шартномалар бўйича музокаралар олиб борган эди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 7 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон етакчиси Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга Россия газини етказиб беришга старт берган эди.