Жиддий сигнал: Россия Ўзбекистон билан газ бўйича 15 йиллик шартнома тузмоқчи
Жамият
−
01 Ноябрь 2023
28410Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги газ соҳасидаги ҳамкорлик 15 йилни ташкил этади, узоқ муддатли ҳамкорлик шартномаси 2024 йил ўрталарида тузилиши мумкин. Бу ҳақда “Газпром” раҳбари Алексей Миллер бугун, 1 ноябрь куни Санкт-Петербург халқаро газ форумида айтиб ўтди, деб ёзмоқда ТАСС.
“Биз ҳамкорлигимиз учун узоқ муддатли шартнома асосини яратмоқдамиз, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик уфқини — 15 йилни белгилаб олдик. Форумда бўлиб ўтган ва бўлиб ўтадиган учрашув ва музокаралар Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон билан 2024 йилнинг ўрталарига қадар келгуси 15 йилга ҳамкорлик қилиш учун қонуний кучга эга бўлган шартномавий асос яратиш мақсадида жорий даврда меморандумлар имзолашга қаратилган”, дейди у.
Миллернинг сўзларига кўра, бу мамлакатлар иқтисодиёти юқори суръатларда ривожланмоқда, томонлар Россия газини етказиб беришни янада кенгайтириш, Марказий Осиё – Марказ газ қувурлари тизими орқали Қозоғистонда газ ташиш қувватларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилмоқда. Бу нафақат транзит қувватларига, балки ушбу мамлакатлардаги истеъмолчиларга Россия газини етказиб беришга ҳам тегишли.
Эслатиб ўтамиз, Санкт-Петербург халқаро газ форуми доирасида Россиянинг “Газпром” очиқ акциядорлик жамияти ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида энергетика комплекси соҳасида ҳамкорлик бўйича стратегик меморандум имзоланди. Ҳужжатни “Газпром” раҳбари Алексей Миллер ва Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов имзолаган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 7 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон етакчиси Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга Россия газини етказиб беришга старт берган эди. Унга кўра, Ўзбекистон ҳар йили Россиядан тижорий шартнома асосида 2,8 миллиард куб метр газ сотиб оладиган бўлди.
LiveБарчаси