Қишда газ биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига берилади
Ўзбекистон
−
15:47 463 2 дақиқа
Ўзбекистонда қиш мавсумида газ тақсимлашда биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари таъминотига эътибор қаратилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Қарор билан 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумида аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва стратегик аҳамиятга эга истеъмолчиларни табиий газ билан барқарор таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
Жорий йил 1 октябрдан 2027 йил 31 мартгача амал қиладиган мазкур қарорга мувофиқ, мавжуд табиий газ ресурсларини оқилона тақсимлаш, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари, мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий соҳа объектларини барқарор газ билан таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган. Бу борада Энергетика вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда газ таъминоти ташкилотларининг аниқ вазифалари белгилаб берилган.
Хусусан, Энергетика вазирлиги “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва бошқа масъул ташкилотлар билан биргаликда мавжуд газ ресурслари ҳамда об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, табиий газ етказиб беришнинг ўн кунлик ва кунлик жадвалларини ишлаб чиқади. Ушбу жадваллар ҳар ойнинг 25-санасига қадар куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича республика комиссиясига тасдиқлаш учун киритилади.
Шунингдек, магистраль газ қувурларида босим пасайиши ёки газ ресурслари ҳажмида кутилмаган ўзгаришлар юз берган тақдирда, газ тақсимотини тезкор қайта кўриб чиқиш чоралари кўрилади. Бунда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш устуворлиги сақлаб қолинади.
Куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича Республика комиссияси ҳар ойнинг охирги кунига қадар кейинги ой учун ҳудудлар ва йирик улгуржи истеъмолчилар кесимида табиий газ етказиб бериш жадвалларини тасдиқлайди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг ҳудудий филиаллари билан биргаликда тасдиқланган жадваллар асосида туман ва шаҳарлар кесимида газ тақсимотини ташкил этади. Бунда ҳам аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари таъминотига биринчи навбатда эътибор қаратилади.
Ҳаво ҳарорати кескин пасайган даврда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида бошқа тоифадаги истеъмолчиларга белгиланган тартибда вақтинчалик чекловлар жорий этилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда об-ҳаво кескин совиши кутилаётгани сабабли, агар зарурат туғилса, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинча чекланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиБААдаги ЙТҲда 14 киши ҳалок бўлди
13 Ноябрь