Метан “заправка”лар фаолияти вақтинча чекланиши мумкин – Энергетика вазирлиги
Жамият
−
12:55 955 1 дақиқа
Ўзбекистонда об-ҳаво кескин совиши кутилаётгани сабабли, агар зарурат туғилса, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинча чекланиши мумкин. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
“Ўзгидромет”га кўра, 9–11 ноябрда ёмғир, шимолий ва тоғли ҳудудларда қор кутилмоқда. Тунги ҳарорат шимолда -7 даражагача, бошқа ҳудудларнинг айрим жойларида -1…-2 даражагача пасайиши мумкин.
Қайд этилишича, энергия таъминоти бўйича Энергетика вазирлиги ва тизим ташкилотлари барқарор таъминот чораларини кўрмоқда. Тошкент ва бошқа ҳудудларда иситиш мавсумини бошлаш ишлари олиб борилмоқда. Газ таъминотида хонадонлар, мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий объектларга устуворлик берилади.
Зарурат туғилса, мавсумий истеъмолчилар, жумладан, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинча чекланиши мумкин. Чекловлар ҳокимликлар билан келишилган, тасдиқланган графиклар асосида жорий этилади. Истеъмолчилар олдиндан хабардор қилинади.
Газ ёки электр билан муаммо бўлса қуйидаги рақамларга мурожаат қилиш мумкин:
- 1104 – газ босими ва таъминоти;
- 104 – газ авария хизмати;
- 1154 – электр узилишлари ва тармоқ носозликлари.
Мурожаатлар масъул мутахассисларга етказилиб, муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилади.