Путин Қозоғистондаги талатўпнинг келиб чиқиш сабабини айтди

Олам

image

Россия Қозоғистонга таҳдид стихияли норозилик ҳаракатлари билан эмас, балки ташқи ва ички бузғунчи кучлар томонидан юзага келганини тушунади. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида айтиб ўтди.  

“Биз Қозоғистон давлатчилигига таҳдид ёқилғи нархи бўйича ўз-ўзидан пайдо бўлган норозилик ҳаракатларидан эмас, балки бузғунчи ички ва ташқи кучларнинг вазиятдан фойдаланганидан келиб чиққанини тушунамиз. Газ бозоридаги вазиятни тарғиб қилганлар бир халқ ва мақсадлари бир, қўлига қурол олиб, давлатга ҳужум қилганлар эса мутлақо бошқа одамлар ва уларнинг мақсадлари ҳам бошқа”, деган Путин.

Россия раҳбарининг сўзларига кўра, Қозоғистонда “Майдон”га хос бўлган норозилик намойишларини кучли ахборот билан таъминлаш элементлари фаол қўлланган.

“Майдон”га хос бўлган норозилик намойишларини кучли ахборот билан таъминлаш элементлари фаол қўлланилди, яхши ташкил этилган ва яхши назорат қилинадиган жангарилар гуруҳлари ишга солинди”, деган Путин. 

У Қозоғистондаги вазиятни жиддий ва ҳаяжонли деб атаган ва бу КХШТнинг барча аъзоларига тегишли эканини таъкидлаган. Шу билан бирга, Россия Федерацияси Президентининг фикрича, республика дуч келган вазият давлат хавфсизлиги, яхлитлиги ва суверенитети учун мисли кўрилмаган муаммодир. 

Путин Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Республика тартибсизликлар пайтида агрессияга учрагани ҳақидаги баҳосига тўлиқ қўшилишини маълум қилган. 

“Қосим-Жомарт Кемелевич таъкидлаганидек, уларнинг (қуролланган одамларнинг) Қозоғистонга ҳужуми тажовузкорлик ҳаракати эди. Мен бунга тўлиқ қўшиламан”, деган Путин.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. Шундан сўнг, Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев мамлакат пойтахтида бўлиб турганини маълум қилди.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Путин

Баҳолаганлар

618

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг