Путин ғалаба қозонса, бу Учинчи жаҳон урушининг бошланиши бўлади – Зеленский
Олам
−
06 Август 2022
9055Агар Россия Украинага қарши урушда ғалаба қозонса, у ҳолда урушнинг ўзи, энергия ва озиқ-овқат инқирозлари гул каби кўрина бошлайди. Бу ҳақда Президент Владимир Зеленский Африка оммавий ахборот воситалари вакиллари билан онлайн учрашуви чоғидаги айтиб ўтди.
“Агар Путин бу урушда ғалаба қозонса, бу Учинчи жаҳон урушининг бошланиши. Мен бунга аминман. Дунёдаги йирик автократиялар ҳам худди шундай қила бошлайди. Дунёда тартибсизлик бўлади”, деган у.
Президентнинг сўзларига кўра, Россия томонидан қўзғатилган озиқ-овқат, энергетика инқирозлари ҳамда уруш – “бу бошланиши, бу энди содир бўладиганлар билан солиштирганда гуллар”.
“Бу урушда Россия ғалаба қозонишидан Худо асрасин”, деган Зеленский.
Аввалроқ Зеленский агар Россия ҳақиқатан ҳам урушни тугатишни хоҳласа, Украина жанубига захира кучларини тортиб келишдек ҳаракатга қўл урмаслигини айтганди.
Шу билан НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россия урушда ғалаба қозонса, у бундан руҳланиб, бошқа давлатларга ҳам ҳужум қилишидан огоҳлантирди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси