Столтенберг Россиянинг Украинада ғалаба қилиши оқибатларидан огоҳлантирди
Олам
−
05 Август 2022
17729Россия Украина устидан ғалаба қозонган тақдирда бошқа қўшни давлатларга ҳам ҳужум қилиши мумкин. НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Норвегия Ишчилар партияси томонидан Утёйа оролида ташкил этилган ёзги лагерга ташрифи чоғида шундай фикр билдирган.
Унга кўра, Киевни қўллаб-қувватлаш Альянснинг маънавий масъулиятининг бир қисмидир.
“Россия Президенти Владимир Путиннинг Украинада ўз мақсадларини амалга ошира олмаслиги бизнинг манфаатларимизга тўғри келади. Россия раҳбари ўзи хоҳлаган нарсага ҳарбий куч ёрдамида эриша олишига ишонадиган дунё биз учун хавфлироқ”, дейди ҳарбий-сиёсий блок бош котиби.
Украинадаги вазиятга тўхталиб, Столтенберг Россия армияси олдинга силжишни тўхтатганини, Украина эса бир қатор ҳудудларни қайтариб олганини таъкидлади. Буларнинг барчаси НАТОнинг шарқий қанотда кучайиши фонида содир бўлмоқда.
НАТО бош котибининг сўзларига кўра, альянснинг асосий вазифаларидан бири Украинадаги можаронинг НАТО ва Россия ўртасида кенг кўламли урушга айланиб кетишининг олдини олишдир.
Унинг қайд этишича, Россия Президенти Владимир Путиннинг Украинадаги амбицияларида муваффақият қозонмаслиги альянс манфаатларига мос келади.
Столтенбергнинг таъкидлашича, Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг НАТО давлатлари янада бирлашган ҳолда ҳаракат қилиб, Швеция ва Финляндия каби янги аъзоларни қабул қилишга тайёрланмоқда.
“АҚШ Сенати Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши бўйича протоколларни ратификация қилиш тўғрисидаги резолюцияни охиргилар қаторида қабул қилди. Шундай қилиб, икки Скандинавия давлатининг альянсдаги иштирокини маъқуллаган НАТОга аъзо давлатлар сони 23 тага етди. Кўплаб бошқа давлатлар ҳам бунга яқин. Бу НАТОнинг замонавий тарихидаги энг тез қўшилиш жараёни”, дея қўшимча қилди блок раҳбари.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь