Польша Украианага НАТО кучларини киритишни таклиф қилди

Олам

image

Польшада ҳукмрон “Қонун ва адолат” партияси етакчиси, республика Бош вазири ўринбосари Ярослав Качиньский Украинага НАТОнинг қуролли тинчликпарвар миссиясини юборишни таклиф қилди. Бу ҳақда кеча, 15 март куни Киевда мамлакат раҳбарияти билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган брифингда маълум қилди. 

“Ўйлайманки, бизга НАТОнинг тинчликпарварлик миссияси ёки, эҳтимол, ўзини ҳимоя қила оладиган, шу давлат Президенти ва ҳукумати розилиги билан Украина ҳудудида фаолият юритадиган кенгроқ таркибдаги миссияси керак. Бу қуролсиз миссия бўлмайди. У тинчликка хизмат қилади, инсонпарварлик ёрдамини олиб юради. Шунингдек, тегишли кучлар, қуролли кучлар ҳам ҳимоя фаолиятини давом эттиради", дейди сиёсатчи

Качиньский нинг сўзларига кўра, Украина, Европа ва бутун демократик дунё ҳозир зудлик билан ушбу қарорга муҳтож. 

"Гап амаллар ва бу ерда жуда зарур бўлган нарса – жасорат ҳақида кетмоқда. Афсуски, жасорат кўпинча етишмайди", дея қўшимча қилди у. 

Бош вазир ўринбосари Киевга Польша, Словения ва Чехия Бош вазирлари билан поездда етиб келди. Улар Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашди. 

Бу делегация Европа Иттифоқи вакили эканлиги маълум қилинди. Варшавада хабар қилинганидек, ташрифдан мақсад бутун Европа Иттифоқининг Украина суверенитети ва мустақиллигини сўзсиз қўллаб-қувватлашини тасдиқлаш, шунингдек, Украина давлати ва жамиятига кенг кўламли ёрдам пакетини тақдим этишдан иборат.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг