Покистон Олий суди Имрон Хонни озод этди ва уни ҳибсга олишни тақиқлади
Олам
−
12 Май 2023
5977Исломобод Олий суди ҳар қандай янги иш бўйича Покистон собиқ бош вазири Имрон Хонни икки ҳафтага гаров эвазига озод қилди ва 17 майгача ҳибсга олишни тақиқлади. Бу ҳақда бугун, 12 май куни “Geo-TV” телеканали хабар берди.
“Исломобод Олий суди Имрон Хонни икки ҳафтага гаров эвазига озод қилганидан бир неча дақиқа ўтиб, расмийларга 9 майдан кейин қўзғатилган ҳар қандай иш бўйича ҳам собиқ бош вазирни 17 майгача ҳибсга олишни тақиқлади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Хон 1 май куни чиқарилган ҳибсга олиш ордери асосида 9 май куни ҳибсга олинганди. У Al-Qadeer Trust орқали коррупция ва пул ювишда айбланганди. Тергов маълумотларига кўра, сиёсатчи бош вазирлик йилларида маълум бир кўчмас мулк компаниясидан Буюк Британиядан олинган 175,5 миллион долларга яқин маблағни қонунийлаштирган. Хоннинг ҳибсга олиниши мамлакатнинг бир қатор йирик шаҳарларида, жумладан, пойтахтда оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Намойишчилар бузғунчиликка қўл урган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашган. Кеча, 11 май куни Покистон Олий суди Хоннинг ҳибсга олинишини ноқонуний деб топган ва уни ҳибсдан озод қилишга буйруқ берган. Бироқ собиқ бош вазирга уйига қайтишга рухсат берилмаганди. Унга 12 май куни яна судга келиш учун суд яқинидаги меҳмонхонага бориш ва шу ерда тунаш буюрилганди.
LiveБарчаси