Песков Абрамович рус-украин музокараларида нима қилаётганини тушунтирди
Олам
−
29 Март 2022
12654Бугун, 29 март куни Россия ва Украина делегацияларининг Истанбулдаги музокараларида россиялик миллиардер Роман Абрамович ҳам иштирок этаётгани кўринганди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Роман Абрамович Истанбулдаги музокараларда Россия делегациясининг расмий аъзоси ўлароқ қатнашмаяпти, лекин у Москва ва Киев ўртасидаги алоқаларни таъминлашда иштирок этади. Бу ҳақда журналистларга Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков айтди. Унинг қўшимча қилишича, тадбиркорнинг иштироки ҳар икки томон томонидан маъқулланган.
“Роман Абрамович Россия ва Украина томонлари ўртасида муайян алоқаларни таъминлашда иштирок этади. У делегациянинг расмий аъзоси эмас – биласизки, бизнинг делегацияга Президент ёрдамчиси [Владимир] Мединский бошчилик қилади”, деган Кремль матбуот котиби.
Абрамовични музокараларга жалб қилиш қарори қайси тараф томонидан қабул қилингани ҳақидаги саволга жавобан Песков шундай изоҳ берди: “Абрамович масаласида бу маъқуллаш ҳар икки томондан”.
Аввалроқ жорий йилнинг 3 март куни Украинада ўтказилган музокараларда иштирок этган миллиардер Роман Абрамович заҳарлангани ҳақида хабарлар тарқалганди. Унинг вакили эса тадбиркорда заҳарланиш аломатлари борлигини тасдиқлаган.
Маълумот ўрнида, бугун, 29 март куни Истанбулдаги Долмабаҳче саройида бошланган Россия-Украина музокаралари матбуотга ёпиқ ҳолда икки кун давом этади. Бу Беларусда музокаралар ўтказилган 7 мартдан бери томонларнинг биринчи юзма-юз учрашувидир. Шундан сўнг делегациялар доимий равишда видеоалоқа орқали мулоқот қилиб келган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси