Оёққа турган Туркия: йирик шаҳарларда намойишлар давом этмоқда (фоторепортаж)

Олам

image

Туркияда Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда. У коррупция ва террорчилик гуруҳлари билан алоқадорликда гумон қилинмоқда. Кеча, 23 март куни Имомўғли коррупция айблови бўйича ҳибсга олинди ва эҳтиёт чораси сифатида лавозимидан четлатилди.

Истанбул, Анқара ва Измир ҳокимиятлари кенг қамровли митингларни тақиқлаган бўлса-да, асосий шаҳарларда минглаб намойишчилар кўчаларга чиқмоқда.

Туркия шаҳарлари кўчаларида норозиларнинг асосий қисмини университет талабалари ташкил қилмоқда. Юзлаб намойишчилар ҳибсга олинган. Улар полиция билан тўқнашувларга киришиб, уларга қўлга илинган ҳар қандай нарсани улоқтирмоқда.

Туркиядаги норозилик намойишларидан эксклюзив лавҳалар қуйидаги фоторепортажда:

Сиёсатчини қўллаб-қувватлаш намойишлари Туркиянинг 50 дан ортиқ вилоятида ўтказилди. Йирик шаҳарлар, жумладан, Анқара ва Измирда полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланган. 300 дан ортиқ киши ҳибсга олингани ҳақида хабарлар бор.

Учта телеканал, жумладан CNN Turk, намойишлар жойидан жонли эфирни тўхтатди. Туркия радио ва телевидение олий кенгаши илгарироқ “қонун доирасидан ташқарида эфир олиб бораётган” ОАВни лицензиядан маҳрум қилиш билан таҳдид қилган эди. Бироқ хусусий Halk TV телеканали ҳануз кўчалардаги воқеалар тасвирларини эълон қилишда давом этмоқда.

Истанбуллик журналист Абдураҳмон Камбурўғлининг сўзларига кўра, намойишчиларга ҳатто мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг баъзи сафдошлари ҳам эҳтиёткорлик билан қўллаб-қувватлов билдирган.

“Ҳибсга олинганлар бор, шунингдек, тўқнашувлар ҳам содир бўлди. Ҳар бир қадам ва ҳар бир қарор муқаррар равишда вазиятни кескинлаштиради. Намойишчилар бу чораларнинг барчасини ноқонуний деб билмоқда. Ҳатто собиқ президент Абдулла Гул ҳам норозилигини билдиргани ҳақида хабарлар бор, у эса Эрдўғаннинг ўз сафдоши. Вазиятни кузатаётганлар бундай қарор ҳеч кимга фойда келтирмаслигини тушуниб етмоқда. Айримларнинг фикрича, ҳокимнинг ҳибсга олиниши Президент ва ҳукмрон партия рейтингига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, сайловчилар буни ўзларига қилинган таҳдид деб қабул қилмоқда”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, Экрем Имомўғли Истанбул Бош прокуратураси томонидан Истанбул шаҳар ҳокимлигига қарши очилган коррупция тергови доирасида ҳибсга олинган эди. Истанбул Бош прокуратураси Имомўғли ва 99 гумонланувчига нисбатан жиноий ташкилот етакчиси бўлиш, жиноий ташкилотга аъзолик, товламачилик, порахўрлик, малакали фирибгарлик, шахсий маълумотларни қонунга хилоф равишда қўлга киритиш ва тендер савдоларини сохталаштириш каби айбловлар билан бошланган тергов ишларини давом эттирмоқда.

Бош прокуратура Имомўғли “қуролли террор ташкилотига ёрдам берганлиги бўйича кучли гумон” борлигини, аммо уни молиявий жиноятлар учун ҳибсга олиш қарори аллақачон чиқарилгани сабабли, унинг яна ҳибсга олиниши “ҳозирги босқичда зарур эмас”лигини билдирди.

Шунингдек, коррупция иши бўйича ҳибсга олинган Экрем Имомўғли вақтинчалик чора сифатида ўз лавозимидан четлатилди. Кейинроқ Туркия мухолифати – Жумҳурият халқ партияси етакчиси Ўзғур Ўзел ҳибсга олинган ва лавозимидан четлатилган Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг президентликка номзод сифатида илгари сурилиши учун партия праймеризида деярли 15 миллион киши овоз берганини билдирди. Шу тариқа Имомўғли расман Туркия президентлигига номзод бўлди.  

Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши

19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.

Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.

Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини билдирди. У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши эканини маълум қилган.

Истанбул шаҳри талабалари Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди. Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) етакчиси Ўзғур Ўзел 86 миллионлик республика аҳолисини келаси якшанба, 23 март куни Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши кўчаларга чиқишга чақирди.  ЖХП аъзолари ўзларининг партиядошларининг ҳибсга олинишига норозилик сифатида минбарга тўпланиб, парламент Бош ассамблеяси ишини тўсиб қўйишди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия намойиш митинг Экрем Имомўғли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг