Ҳибсдаги Имомўғли Туркия президентлигига номзод бўлди

Олам

image

Коррупция айблови билан ҳибсга олинган Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли президентликка номзод қилиб кўрсатилиши учун 14,85 миллиондан ортиқ киши овоз берди. Бу ҳақда NTV телеканали хабар берди.

Телеканалга кўра, Туркия мухолифати – Жумҳурият халқ партияси етакчиси Ўзғур Ўзел ҳибсга олинган Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг президентликка номзод сифатида илгари сурилиши учун деярли 15 миллион киши овоз берганини билдирган.

“Бизнинг партиямиз аъзоларидан 1 миллион 673 минг киши овоз бериш жараёнида иштирок этди. Биз ҳамжиҳатлик қутиларини яратишга қарор қилдик. Бугун овоз бериш учун бюллетенлар етишмади, вақт ҳам етарли бўлмади. Ҳамжиҳатлик қутиларига жами 13 миллион 211 минг овоз ташланди. Экрем Имомўғли эса 14 миллион 50 мингдан ортиқ овоз олди”, деди Ўзел.

У, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанни муддатидан аввалги сайловларни тайинлашга чақирган.

Экрем Имомўғлининг ўзи ҳам бу ҳақдаги маълумотга Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида изоҳ берган.

“Силиври қамоқхонасидан мени жуда қувонтирган хабарларни сизлар билан баҳам кўрмоқчиман. Бизнинг Жумҳурият Халқ партиямиз ўтказган дастлабки президентлик сайловларида рекорд даражадаги иштирок қайд этилди. 15 миллион фуқаромиз овоз берди. Бу мамлакатда ҳукумат зулмидан, барбод бўлган иқтисодиётдан, беқарорлик ва қонунсизликдан азият чеккан ўн миллионлаб инсонлар овоз бериш учун қутиларга йўл олди”, деб ёзган ҳибсдаги Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Экрем Имомўғли Истанбул Бош прокуратураси томонидан Истанбул шаҳар ҳокимлигига қарши очилган коррупция тергови доирасида ҳибсга олинган эди. Истанбул Бош прокуратураси Имомўғли ва 99 гумонланувчига нисбатан жиноий ташкилот етакчиси бўлиш, жиноий ташкилотга аъзолик, товламачилик, порахўрлик, малакали фирибгарлик, шахсий маълумотларни қонунга хилоф равишда қўлга киритиш ва тендер савдоларини сохталаштириш каби айбловлар билан бошланган тергов ишларини давом эттирмоқда.

Бош прокуратура Имомўғли “қуролли террор ташкилотига ёрдам берганлиги бўйича кучли гумон” борлигини, аммо уни молиявий жиноятлар учун ҳибсга олиш қарори аллақачон чиқарилгани сабабли, унинг яна ҳибсга олиниши “ҳозирги босқичда зарур эмас”лигини билдирди.

Шунингдек, коррупция иши бўйича ҳибсга олинган Экрем Имомўғли вақтинчалик чора сифатида ўз лавозимидан четлатилди.

Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши

19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.

Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.

Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини билдирди. У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши эканини маълум қилган.

Истанбул шаҳри талабалари Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди. Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) етакчиси Ўзғур Ўзел 86 миллионлик республика аҳолисини келаси якшанба, 23 март куни Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши кўчаларга чиқишга чақирди.  ЖХП аъзолари ўзларининг партиядошларининг ҳибсга олинишига норозилик сифатида минбарга тўпланиб, парламент Бош ассамблеяси ишини тўсиб қўйишди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Экрем Имомўғли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг