Туркия мухолифати Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан парламентни блоклади
Олам
−
20 Март
3492Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) аъзолари ўзларининг партиядошлари Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига норозилик сифатида минбарга тўпланиб, парламент Бош ассамблеяси ишини тўсиб қўйишди. Бош ассамблея йиғилиши қолдирилди.
ЖХП парламент фракцияси раиси ўринбосари Али Моҳир Башарир мамлакат ҳукуматини қонунларни бузаётганликда ва халқ иродасини менсимасликда айблади.
“Демократия ва қонунни оёқ ости қилдингиз, 86 миллион халқнинг хоҳиш-иродасини менсимайсиз. Имомўғли сиз учун даҳшатли туш бўлиши мумкин, аммо у 86 миллион одамнинг умидидир”, деди парламент аъзоси.
Имомўғлини қўллаб-қувватлаш учун Истанбулга келган ЖХП етакчиси Ўзғур Ўзел аввалроқ унинг барча минтақавий бўлимларини Истанбул ҳокимининг ҳибсга олиниши муносабати билан 19 март куни норозилик намойишлари ўтказишга чақирган эди. У Туркия ҳукуматини “тўнтаришга уриниш”да ва ЖХПнинг 23 март куни бўлиб ўтадиган праймеризлар ўтказилишига тўсқинлик қилишда айблади.
Истанбул ҳукумати шаҳарда 23 мартгача митинг ва намойишларни, шунингдек, матбуот учун ҳар қандай юриш ва оммавий баёнотларни тақиқлади. “Sözcü” телеканали хабарига кўра, полиция Имомўғлининг ҳибсга олинишига нисбатан намойиш ўтказган Истанбул университети талабаларига қарши куч ишлатган. Қурбонлар бор, аммо уларнинг сони аниқ эмас.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.
Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.
Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини билдирди. У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши қарши эканини маълум қилган.