Президентга нисбатан бўҳтонлар айтиляпти – Эрдўғаннинг одами
Олам
−
20 Март
4544Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби, Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли бугун, 19 март куни ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтиляпти. Бу ҳақда Туркия президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун Х'даги саҳифасида ёзди.
“Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилган қатор текширувлар доирасида Истанбул шаҳар ҳокимлиги ходимлари ва бошқа гумондорларни ҳибсга олиш қароридан сўнг, баъзи доиралар, айниқса, асосий мухолифат партияси раҳбарлари, сиёсий ва мафкуравий сабаблар билан терговнинг яхлитлигига путур етказишга ҳаракат қилаётганини кўряпмиз.
Бошланган тергов-суриштирув ишларининг мазмун-моҳияти, тафсилотлари билан танишмай туриб, берилган сиёсий-мафкуравий баҳолар орасида Президентимизга нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз”, дейди Фахриддин Алтун.
У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши қарши эканини билдирган.
“Мустақил суд ҳокимияти томонидан қабул қилинган ҳар қандай қарор жамиятнинг барча қатламлари томонидан ҳурмат қилиниши кераклиги ҳақидаги фикримизни яна бир бор такрорлаймиз ва биз Коммуникация бошқармаси сифатида бу жараёнда дезинформацияга қарши курашимизни давом эттиришимизни эслатиб ўтамиз.
Фуқароларимиздан тасдиқланмаган ва шубҳали контентдан эҳтиёт бўлиш орқали ушбу курашни қўллаб-қувватлашларини ҳамда ҳар доимгидек расмий муассасалар ва ҳокимиятларнинг баёнотларига ишонишларини сўраймиз”, деди у.
Эслатиб ўтамиз, Экрем Имомўғли бугун, 19 март куни ҳибсга олинганди. Истанбул шаҳри талабалари Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди. Бунинг ортидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч воқеалар юзасидан тегишли баёнотини эълон қилиб, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилганини маълум қилди. Унинг айтишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терроризмга оид жиноятларни тергов қилиш бўйича бюро томонидан олиб борилаётган тергов доирасида 7 кишига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Улар қаторида Истанбул шаҳар ҳокими ҳам бор. Ушбу терговда гумонланувчилар террорчилик ташкилотига ёрдам бериш жиноятини содир этганликлари иддао қилинмоқда. Бошқа тергов ҳаракатлари Уюшган Жиноятларни тергов қилиш Бюроси томонидан олиб борилмоқда. Ушбу тергов доирасида ҳам 100 нафар гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган, улар орасида ҳам Истанбул шаҳри ҳокими ҳам Экрем Имомўгли бор. Ушбу терговда гумонланувчилар жиноий уюшма таркибида порахўрлик, товламачилик, ким ошди савдоларида тил бириктириш, малакали (квалифицияланган, жиддий, оғир) фирибгарлик, шахсий маълумотларни қонунга хилоф равишда эгаллаш каби жиноятларни содир этганликлари айтилмоқда. Иккала тергов бўйича жами 106 нафар гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
LiveБарчаси