Имомўғли ишига Эрдўғаннинг алоқаси йўқ – Адлия вазири

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби, Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли ва унинг матбуот билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Мурат Онгун бугун, 19 март куни махсус операция давомида қўлга олинганди. Мазкур ҳолат Туркияда намойишларга ҳам сабаб бўлди. Бунинг ортидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч воқеалар юзасидан тегишли баёнотини эълон қилди.

Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Терроризмга оид жиноятларни тергов қилиш бўйича бюро томонидан олиб борилаётган тергов доирасида 7 кишига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Улар қаторида Истанбул шаҳар ҳокими ҳам бор. Ушбу терговда гумонланувчилар террорчилик ташкилотига ёрдам бериш жиноятини содир этганликлари иддао қилинмоқда”, дейди у.

Қайд этилишича, бошқа тергов ҳаракатлари Уюшган Жиноятларни тергов қилиш Бюроси томонидан олиб борилмоқда. Ушбу тергов доирасида ҳам 100 нафар гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган, улар орасида ҳам Истанбул шаҳри ҳокими ҳам Экрем Имомўғли бор. Ушбу терговда гумонланувчилар жиноий уюшма таркибида порахўрлик, товламачилик, ким ошди савдоларида тил бириктириш, малакали (квалифицияланган, жиддий, оғир) фирибгарлик, шахсий маълумотларни қонунга хилоф равишда эгаллаш каби жиноятларни содир этганликлари айтилмоқда. Иккала тергов бўйича жами 106 нафар гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида  MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.

Эрдўғаннинг асосий рақиби махсус операцияда ҳибсга олинди (видео) north_east

Эрдўғаннинг асосий рақиби махсус операцияда ҳибсга олинди (видео)

“Мен буни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Туркия Республикаси ҳуқуқий давлатдир. Конституциямизнинг 9-моддасида аёнки, суд ҳокимияти Турк миллати номидан мустақил ва холис судлар томонидан амалга оширилади. Қонун устуворлиги муҳим. Қонун олдида ҳамма тенгдир, ҳеч кимга устунлик берилмайди.

Конституциямизнинг 138-моддасига мувофиқ судлар мустақилдир. Ҳеч бир орган, ҳокимият, маъмурият ёки шахс ўз юрисдикциясини амалга оширишда судларга ва судьяларга буйруқ ва кўрсатмалар бермайди, циркуляр тарқатмайди, маслаҳат ва тушунтиришлар бермайди.

Жиноят-процессуал кодексининг 157-моддасига кўра, тергов босқичи яширин ҳисобланади. Ушбу махфийлик одил судловнинг соғлом ишлаши, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, айбсизлик презумпцияси ва номга доғ туширмаслик ҳуқуқи нуқтаи назаридан жуда муҳимдир”, дейди Адлия вазири.

Шунингдек, у қўзғатилган терговга нисбатан иш мазмуни, даъво ва далиллардан бехабар ҳолда баҳо бериш тўғри эмаслигини урғулаган. Холис ва мустақил суд олиб бораётган терговларни турли томонларга тортиш, тўнтарув каби иборалар билан тавсифлаш ўта хавфли ва хато эканини айтган.

Шу билан бирга, вазир кўчаларга чиқиб суриштирувлар ҳақида ёлғон маълумотларни тарқатиш, жамоатчиликни чалғитишга қаратилган чиқишларни умуман қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлаган.

“Ҳамма билиши керакки, ҳуқуқий давлатда, агар жиноят содир этилгани ҳақида даъво бўлса, ҳимоя кўчаларда эмас, балки суд органларида бўлади.

Жиноят содир этилганлиги тўғрисида далиллар мавжуд бўлган тақдирда, бу ҳақда тегишли тергов ҳаракатлари ваколатли суд органлари томонидан амалга оширилади.

Суд олдида ҳисоб бериш ва ҳимояланиш ҳар бир киши учун ҳуқуқ, шу билан бирга мажбуриятдир”, дейди Йилмаз Тунч.

Адлия вазири суд қўзғатган тергов ва ишларни Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга боғлаш, “энг енгил таъбир билан айтганда, ҳаддидан ошиш, ҳаддини билмаслик” эканини қўшимча қилган.

“Мамлакатимизда қонун, ижро, суд билан кучлар бўлиниши муҳимдир. Суд ҳеч кимдан буйруқ ва кўрсатма олмайди. Судга ҳужум қилиш, судьяларга таҳдид қилиш, уларни ҳақорат қилиш демократик ҳуқуқий давлатда ҳеч қачон қабул қилинмайди. Одил судловни таъминлаш учун олиб борилаётган терговга таъсир ўтказишга қаратилган муносабат ва хатти-ҳаракатлар қилиш ўрнига, ақл билан иш тутиш керак.

Туркияда кенг кўламли норозилик намойишлари бошланди (видео) north_east

Туркияда кенг кўламли норозилик намойишлари бошланди (видео)

Холис ва мустақил суднинг қарори барча учун мажбурий ва ҳурмат билан қабул қилиниши керак. Тергов босқичида даъволар, ҳимоя ва далиллар кўздан кечирилади, терговнинг махфийлиги йўқолганда эса, жамоатчилик моддий ҳақиқатни тўлиқ очиқлик ва шаффофлик билан кўради. Шунинг учун ҳозирдан бошлаб, тергов мазмуни ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмасдан туриб, олдиндан ижобий ёки салбий хулоса чиқариш тўғри эмас.

Шуни унутмаслик керакки, ҳуқуқий давлатда беайблик принципи ва доғ туширмаслик ҳуқуқи асосий ҳисобланади. Турк одил судловига ишониш керак. Суднинг ўзида ҳуқуқни қидириш усуллари бутунлай очиқдир.

Одил судловнинг тўлиқ ва мукаммал амалга оширилиши учун жараённи хотиржам кузатиш, чиқариладиган қарорни ҳурмат билан қабул қилиш барчамизнинг умумий масъулиятимиздир. Ҳеч кимда шубҳа бўлмасин.

Суд амалга ошираётган ишлар ўз-ўзидан назорат қилиниши лозим. Ким қандай даъволарга қарши чиқаётгани, уларнинг ҳимояси қандайлиги, даъволарга нисбатан далиллар қандайлиги, ўтказилган тергов натижасида маълум бўлади. Ҳаммамиз биргаликда тергов натижасини хотиржамлик билан кутишимиз керак”, деди Адлия вазири.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Экрем Имомўғли Йилмаз Тунч

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг