Нурсултон номи тарихга “кўмилди”
Олам
−
01 Март 2022
23368Қозоғистоннинг ҳукмрон “Нур Отан” партияси номини “Аманат” (“Омонат”) ўзгартирилди. Партиянинг навбатдан ташқари қурултойида мамлакат парламенти қуйи палатаси – Мажилис раиси Ерлан Кошанов шундай таклиф билдирган.
“Бизнинг партиямиз мамлакатда олиб борилаётган ўзгаришлар марказида. Очиқча айтсам, мамлакат билан бирга партияни ҳам янгилаш керак. Ташкилот фаолиятини янги мазмун билан тўлдириш учун зарур ўзгаришлар киритилиши керак. Шу муносабат билан партиянинг моҳияти ва номини ўзгартиришни тўғри деб биламиз. Биз Қозоғистоннинг ҳукмрон партияси аждодларимизга ҳурмат сифатида “Аманат” номини олиши керак, деб ҳисоблаймиз. Биз бугунги қурултойда партия номини “Аманат” деб ўзгартиришни таклиф қиламиз”, деган Кошанов.
“Нур Отан” партияси раиси Қосим-Жомарт Тўқаев партия номини ўзгартириш таклифини қўллаб-қувватлади.
“Аманат халқимиз маданиятида ўзига хос рамзий маънога эга бўлган чуқур тушунчадир. Бу аждодларимиз бизга мерос қилиб қолдирган сўнмас истиқлол ғоялари, мустаҳкам давлатчилик, миллий бирдамлик қадриятлари, Ватанимизнинг бепоён кенгликларини англатади. Биз бу бебаҳо меросни асраб-авайлашимиз ва мустаҳкамлашимиз керак. Бу ўтмиш ва келажак авлодлар ўртасидаги муқаддас бурчимиздир”, деган Тўқаев.
Шу билан бирга, у партия аъзолари унинг ўтмишдаги ҳақиқий хизматларини унутмасликлари кераклигини таъкидлаган.
“Бу биз барча фаолларнинг партия ишига фидойилик қилган меҳнатини миннатдорлик билан эслашимиз кераклигини англатади”, дея қўшимча қилган Президент Тўқаев.
Қозоғистон ҳукмрон партияси қурултойи уни “Нур Отан”дан “Аманат”га ўзгартириш тўғрисидаги қарорни қўллаб-қувватлади.
Назарбоевнинг сиёсий интиҳоси
2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент ҳозиргача бир-икки видеомурожаатлардан ташқари, ҳеч қаерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь ва 1-2 февраль кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Сўнгги маълумотларга кўра, у маошсиз меҳнат таътилида. Бу орада эса у “Нур Отан” сиёсий кенгаши аъзолигидан кетди.
Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто, соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди.
Аввалроқ, Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетганди. 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди.
28 январь куни Назарбоев “Нур Отан” партияси расилигини ҳам Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга топширди.
2 февраль куни Қозоғистон парламенти мамлакатнинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунни қабул қилди.
LiveБарчаси