Назарбоев қайси Президент билан алоқа қилиб тургани маълум бўлди
Олам
−
08 Январь 2022
44476Хабарингиз бор, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев мамлакатга дўст бўлган давлатларнинг раҳбарлари билан бир неча бор телефон орқали мулоқот ўтказган эди. Аммо бу қайси мамлакатлар эканига аниқлик киритилмаганди.
Беларусь Президенти Матбуот хизматининг маълум қилишича, кеча, 7 январь куни кечқурун Президент Александр Лукашенко Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилган.
“Беларусь Президенти Александр Лукашенко Қозоғистоннинг собиқ Президенти ва республика Хавфсизлик кенгашининг собиқ раҳбари Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали суҳбатлашди. Улар суҳбат чоғида Қозоғистондаги вазиятни батафсил муҳокама қилди”, дейилади Матбуот хизмати хабарида.
Қайд этиш керак, бу Қозоғистондаги вазиятни муҳокама қилишда Назарбоевнинг иштироки ҳақидаги биринчи расмий баёнотдир. Ҳозирча бўлаётган воқеаларга собиқ Президентдан ҳеч қандай муносабат билдирилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг собиқ саройига ўт қўйилган, ҳайкаллари қўпорилган. У Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини ҳам вориси Тўқаевга топширган.
Сўнгги маълумотларга кўра, у айни вақтда Нур-Султонда бўлиб турибди. Унинг оила аъзолари билан мамлакатни тарк этгани ҳақидаги гаплар тасдиғини топмади.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси