Тезкор: Нурсултон Назарбоевнинг қаердалиги маълум бўлди

Олам

image

Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг қаердалиги маълум бўлди. Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибайга кўра, Назарбоев айни вақтда Нур-Султонда бўлиб турибди.

“Элбоши Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида. Сиздан била туриб ёлғон ва спекулятив маълумотларни тарқатмасликни сўраймиз. Элбоши бир қатор маслаҳат учрашувлари ўтказмоқда ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан бевосита алоқада".

Матбуот котиб Назарбоев Қозоғистонга дўст мамлакатлар раҳбарлари билан ҳам мулоқот қилиб турганини айтган. Аммо бу қайси мамлакатлар эканига аниқлик киритмаган. 

"Нурсултон Назарбоев Қозоғистонга дўст бўлган давлатлар раҳбарлари билан бир неча бор телефон орқали мулоқот қилди”, дейди Биринчи Президентнинг Матбуот котиби. 

Элбоши Нурсултон Назарбоев ва унинг оила аъзолари қаердалиги, қандай қўриқланаётгани, мамлакатда рўй бераётган ҳодисаларга қандай муносабатда экани ҳақида маълумотлар йўқ. Унинг собиқ саройига ўт қўйилди, ҳайкаллари қўпорилди. Элбоши Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини ҳам вориси Тўқаевга топширди.  

Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. 

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1251

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг