Навальний ўзини заҳарлашда гумонланганлардан бири билан боғланди
Олам
−
21 Декабрь 2020
6761Россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний CNN, “The Insider” ва “Bellingcat” нашрлари ўтказган суриштирувга кўра, уни заҳарлашга алоқадор деб билинаётган шахслардан бири билан боғланишга муваффақ бўлганини маълум қилди.
14 декабрь куни "The Insider", "Bellingcat" ва "CNN" нашрлари ҳамкорликда ўтказган суриштируви якунига кўра, Навальнийнинг заҳарланишида Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимининг ҳам қўли борлигини айтганди.
Россия Ҳукумати Навальнийнинг заҳарланиши бўйича барча айбловларни рад қиляпти.
Навальнийнинг таъкидлашича, эҳтимолий “ФХХ агент”ларибилан алоқага чиқиш ҳаракатлари қўшма суриштирув натижалари эълон қилинишидан аввал бошланган. Ўша пайтда у терговда қатнашган шахслар билан журналистларнинг телефонлари ёрдамида боғланишга уринган.
“Биз телефон пранкерлари томонидан телефон рақамини яшириш учун ишлатиладиган энг содда дастурни олдик ва менинг рақамим ўрнига бошқа рақамни қўйдик”, деган мухолифатчи.
Суҳбат вақтида у ўзини Хавфсизлик кенгаши котибининг ёрдамчиси Максим Сергеевич Устинов деб таништирган ҳамда Омск ва Томскдаги ҳодисалар бўйича раҳбариятга ҳисобот тайёрлаётганини айтган.
Навальнийнинг таъкидлашича, у қўнғироқ қилган барча тезда алоқани узиб қўйган. У фақатгина Константин Кудряцев билан мулоқот қила олган.
Суҳбат вақтида ФСБ ходими из қолдирмаслик учун Навальнийнинг ички кийимларнинг ички қисмига “ишлов беришганини” айтган. Мухолифатчи қандай қилиб тирик қолгани ҳақидаги саволга, Навальнийнинг суҳбатдоши “вазиятнинг бориши”, деб жавоб берган. У тез ёрдам шифокорларининг ҳаракати ва самолётнинг фавқулодда қўндирилишини назарда тутган.
Хавфсизлик кенгаши аппарати РБКга уларда Максим Сергеевич Устинов деган одам ишламаслигини айтган. Шунингдек, улар ҳозирча Навальний эълон қилган суҳбат аудиоси билан танишмаганини айтишган.
Эслатиб ўтамиз, мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний жорий йилнинг 20 август куни самолётда Томскдан Москвага кетаётганда тоби қочиб, Омскдаги шифохонага ётқизилди. Унга нима бўлгани номаълум бўлиб турган вақтда, сиёсатчининг тарафдорлари Навальний заҳарланганини иддао қилди.
Улар Навальнийни Германияга олиб кетиш ҳаракатига тушганда Омскдаги шифокорлар бунга рухсат бермади. Орадан икки кун ўтиб эса, Навальнийни исталган шифохонага кўчириш мумкинлигини айтишди ва сиёсатчи Берлинга олиб кетилди. Бу ҳол ҳам мухолифатчи тарафдорларида шубҳа уйғотди ва ишга Кремль аралашгани гумон қилинди.
Германияда текширувдан ўтказилгач, у заҳарлангани маълум бўлди. ГФР Ҳукумати сиёсатчи асаб тизимини фалажловчи “Новичок” гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини айтди. Германия канцлери Ангела Меркель Навальнийнинг заҳарланиши бўйича Россиядан ҳисоб сўради. Унинг талабини Франция, Буюк Британия ва АҚШ ҳам қўллади. Европа парламенти эса Навальний билан юз берган ҳолат бўйича санкциялар жорий қилиш ҳақида резолюцияни тасдиқлади.
14 сентябрь куни Навальний ўзига келди ва сунъий нафас олдириш аппаратидан узилди. Эртаси куни у заҳарланганидан кейинги илк суратини ижтимоий тармоққа жойлади.
Аҳамиятли томони, “The New York Times” газетасининг ГФР хавфсизлик хизматидаги манбасига асосланиб хабар беришича, Навальний Германияда қолмоқчи эмас. У соғайгач, Россияга қайтиб, ўз миссиясини давом эттириш ниятида.
Немис нашрлари Навальнийнинг заҳарланиши ортида Россия разведкаси борлигини ёзмоқда. Шунингдек, “Reuters” агентлиги Навальнийнинг Омскдаги шифохонадан кетиши бевосита Кремль рухсат берганини маълум қилди. Агентлик Омскдаги шифохонага яқин манба билан суҳбатлашган. У шифокорларга тўғридан-тўғри Кремлдан қўнғироқ бўлганини айтган.
Навальнийнинг сафдошлари эса Томскда у қолган меҳмонхона хонасидан “Новичок”нинг изи бор сув идиши топган. Заҳарни Германия мутахассислари аниқлаган.
Бу орада Россия Навальний билан боғлиқ барча айбловларни рад қиляпти. Кремлдагилар унинг заҳарланганини ҳам ёлғон деб аташмоқда. Аксинча, РФ Ғарб давлатлари ва НАТО “Новичок” гуруҳига кирувчи заҳарли моддани тайёрлашга муваффақ бўлган деб, уларни айблади.
Россия заҳарланишни инкор қилиб турган бир вақтда Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти мутахассислари россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийнинг қонида заҳарли модда борлигини тасдиқлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь