Алексей Навальний комадан чиқди
Олам
−
15 Сентябрь 2020
6816Aлексей Навальний Берлиндаги Charite клиникасида комадан чиқди. Шундан сўнг у ҳеч қандай аппарат ёрдамисиз ўзи нафас ола бошлади.
"Мен ҳали ҳам ҳеч нарса қила олмайман, лекин кеча куни бўйи ўзим нафас олдим. Мен ҳеч қандай ташқи ёрдам, ҳаттоки томоғимдаги оддий қопқоқдан ҳам фойдаланмадим. Бу менга жуда ёқди", деб ёзди у бугун, 15 сентябрь куни Instagram'га жойлаган постида.
Шифохона бўлимидан чоп этилган фотосуратда Навальний оиласи даврасида намоён бўлган.
Маълумот учун, Германиядаги клиникада даволанаётган россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний соғлиғини тиклаб олгач, Ватанига қайтиш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, Алексей Навальний Томскдан Москвага самолётда қайтаётганда тоби қочиб, зудлик билан Омскдаги шифохонага ётқизилган. Унинг тарафдорлари Навальнийни Германияга олиб кетиш ҳаракатига тушган. Аммо икки кун давомида Омскдаги шифохона шифокорлари уни кўчиришга рухсат бермади. Сиёсатчининг тарафдорлари бунда Кремлнинг қўли борлигини иддао қилди.
Навальний Берлинга олиб кетилгач, Германия Ҳукумати 2 сентябрь куни у “Новичок” гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини айтди. Расмий Берлин Россиядан бу бўйича изоҳ талаб қилди. Франция ва Швециядаги мустақил лабораториялар ҳам Навальнийнинг таҳлилларини текшириб, у заҳарланганини тасдиқлаганди.
Москва эса Навальнийдан олинган таҳлил натижалари заҳарланишни кўрсатмаганини таъкидламоқда. Бу ҳам етмаганидек, Германиянинг айбловларига жавобан Россия Ғарб давлатлари ва НАТОни "Новичок" гуруҳига кирувчи кимёвий модда ўйлаб топишда айблади.
Шунингдек, "Reuters" агентлиги Навальнийни Омскдаги шифохонадан Германияга кўчириш учун рухсат бевосита Кремлдан келганини маълум қилди.
Рушанабону Султонова
LiveБарчаси