Заҳарланган Навальний Германияда қолмоқчи эмас – NYT

Олам 3212
image

Германиядаги клиникада даволанаётган россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний соғлиғини тиклаб олгач, Ватанига қайтмоқчи. Бу ҳақда “The New York Times” газетаси Германия хавфсизлик идораларидаги манбасига таяниб хабар берди.

“У Германияга эмиграция қилмоқчи эмас. Навальний уйига, Россияга қайтиб, ўз миссиясини давом эттирмоқчи”, деган манба.

Шунингдек, манба Навальний Германия прокуратураси вакиллари билан суҳбатда ўзи билан юз берган ҳодиса юзасидан ФРГ ва Россия биргаликда текширув ўтказишига қарши бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Алексей Навальний Томскдан Москвага самолётда қайтаётганда тоби қочиб, зудлик билан Омскдаги шифохонага ётқизилган. Унинг тарафдорлари Навальнийни Германияга олиб кетиш ҳаракатига тушган. Аммо икки кун давомида Омскдаги шифохона шифокорлари уни кўчиришга рухсат бермади. Сиёсатчининг тарафдорлари бунда Кремлнинг қўли борлигини иддао қилди.

Навальний Берлинга олиб кетилгач, Германия Ҳукумати 2 сентябрь куни у “Новичок” гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини айтди. Расмий Берлин Россиядан бу бўйича изоҳ талаб қилди. Франция ва Швециядаги мустақил лабораториялар ҳам Навальнийнинг таҳлилларини текшириб, у заҳарланганини тасдиқлаганди.

Москва эса Навальнийдан олинган таҳлил натижалари заҳарланишни кўрсатмаганини таъкидламоқда. Бу ҳам етмаганидек, Германиянинг айбловларига жавобан Россия Ғарб давлатлари ва НАТОни "Новичок" гуруҳига кирувчи кимёвий модда ўйлаб топишда айблади.

Шунингдек, "Reuters" агентлиги Навальнийни Омскдаги шифохонадан Германияга кўчириш учун рухсат бевосита Кремлдан келганини маълум қилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 92
Рейтинг: 2.9
t
×