“Навальнийнинг заҳарланиши”: Россия Ғарб давлатларининг айбловига кутилмаган жавоб қайтарди
Олам
−
05 Сентябрь 2020
17942Россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний билан боғлиқ можаро тобора қизғин тус оляпти. Бунгача Ғарб давлатлари, хусусан, Германия Навальний “Новичок” гуруҳига мансуб модда билан заҳарланганини айтиб келаётганди ва бунда расмий Москванинг қўли борлигига шама қилаётганди.
Кутилмаганда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ғарб давлатларининг иддаоларига уларнинг ўзини айблаш билан жавоб қайтарди. Расмий Москва Ғарб ва НАТОнинг ихтисослашган тузилмалари “Новичок” гуруҳига кирувчи кимёвий модда ўйлаб топганини иддао қиляпти. Бу ҳақда ташқи сиёсат идорасининг Алексей Навальний бўйича берган расмий изоҳида айтилган.
Вазирликнинг таъкидлашича, сўнгги вақтларда Навальнийнинг аҳволи билан боғлиқ ҳолат юзасидан Россияга қарши кўплаб фикрлар билдириляпти. Жумладан, Германия ва Франция ТИВ раҳбарлари Хайко Маас ва Жан-Ив Ле Дрианнинг қўшма баёноти эслатиб ўтилган.
“Бир неча йиллар давомида Ғарб давлатлари мутахассислари ва НАТОнинг ихтисослашган тузилмалари ушбу кенг кимёвий воситалар гуруҳи устида иш олиб борди. АҚШда ҳарбий мақсадда фойдаланиш учун ишлаб чиқарувчиларга 150 дан ортиқ патентлар берилган”, дейилади баёнотда.
Аввалроқ, Германия Берлиндаги клиникада даволанаётган россиялик мухолиф сиёсатчи асаб тизимини фалажловчи “Новичок” гуруҳига кирувчи модда билан заҳарланганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Алексей Навальний Томскдан Москвага самолётда қайтаётганда тоби қочиб, зудлик билан Омскдаги шифохонага ётқизилди. Унинг тарафдорлари Навальнийни Германияга олиб кетиш ҳаракатига тушди. Аммо икки кун давомида Омскдаги шифохона шифокорлари уни кўчиришга рухсат бермай келди.
Бу орада Навальнийни заҳарланган деб тахмин қилаётганлар бу ҳаракатни Кремлнинг режаси деб баҳолади. Икки кундан кейин сиёсатчи Берлинга олиб кетилди. Германия Ҳукумати Россиядан ҳолат бўйича шаффоф текширув бошлашни сўради. Кремль бу чақирувга муносабат билдириб, заҳарланишни исботловчи далил йўқлигини маълум қилди.
Германия эса иттифоқчилари билан Россияга қарши санкциялар жорий қилиш бўйича муҳокамаларни бошлаб юборди. Хусусан, Франция ва Буюк Британия Россиянинг танобини тортиб қўйиш кераклигини айтмоқда.
LiveБарчаси