Нақ 3 та лаборатория Алексей Навальний таҳлилларида “Новичок” борлигини аниқлади

Олам 3323
image

Германия ҳукумати европалик шерикларидан Алексей Навальнийдан олинган намуналарни текширишни сўради. Учта мустақил лаборатория, шу жумладан, Франция ва Швециядаги лабораториялар Навальнийнинг таҳлилларида "Новичок" гуруҳига кирувчи кимёвий модда борлигини тасдиқлаган. Тегишли баёнот бугун, 14 сентябрь куни Германия Вазирлар Маҳкамаси томонидан эълон қилинди.

"Германия ҳукумати Франция ва Швеция билан биргаликда бошқа европалик шерикларидан Навальнийнинг янги намуналари асосида Германиянинг хулосаларини мустақил равишда қайта текширишни илтимос қилди. Франция ва Швециядаги махсус лабораториялар томонидан ўтказилган ушбу тест натижалари мавжуд ва улар Германия натижаларини тасдиқлашди", дейилади матнда.

Аввалроқ, Берлиннинг Бундесвер лабораториясида Навальнийнинг таҳлиллари қайта ўрганилган ва унда "Новичок" гуруҳига кирувчи кимёвий модда топилган. Бу кимёвий қуролни тақиқлаш тўғрисидаги Конвенцияни жиддий бузиш ҳисобланади.Шу муносабат билан Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти Навальний ишидаги далилларни текширишда иштирок этди. 

"Ташкилот Навальнийдан намуналар олди ва уларни мос лабораторияларда текшириш учун зарур чораларни кўрди. 

Олиб борилаётган изланишлардан қатъи назар, учта лаборатория параллель равишда Навальнийнинг заҳарланишига "Новичок" заҳари сабаб бўлганини тасдиқлаган. 

Биз яна Россияни нима бўлганига аниқлик киритишга чақирамиз. Кейинги қадамларда европалик шерикларимиз билан яқин алоқадамиз", дейилган хабарда. 

Маълумот учун, ҳозирда Навальний гапира олаётгани ва катта эҳтимол билан шифохонага ётқизилгунча, самолётда бўлган воқеаларни эслай олиши айтилганди

Эслатиб ўтамиз, Алексей Навальний Томскдан Москвага самолётда қайтаётганда тоби қочиб, зудлик билан Омскдаги шифохонага ётқизилган.

Унинг тарафдорлари Навальнийни Германияга олиб кетиш ҳаракатига тушган. Аммо икки кун давомида Омскдаги шифохона шифокорлари уни кўчиришга рухсат бермай келган.

Бу орада Навальнийни заҳарланган деб тахмин қилаётганлар бу ҳаракатни Кремлнинг режаси деб баҳолади. Икки кундан кейин сиёсатчи Берлинга олиб кетилди. Германия Ҳукумати Россиядан ҳолат бўйича шаффоф текширув бошлашни сўради. Кремль бу чақирувга муносабат билдириб, заҳарланишни исботловчи далил йўқлигини маълум қилди.

Россия эса билдирилаётган айбловларга нисбатан, Ғарб давлатлари ва НАТОни "Новичок" гуруҳига кирувчи кимёвий модда ўйлаб топишда айблади.

Рушанабону Султонова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 76
Рейтинг: 2.8
t
×