Заҳарланган Алексей Навальний ўзига келди
Олам
−
10 Сентябрь 2020
7100Берлин полицияси россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний даволанаётган Charite клиникасида хавфсизлик чораларини оширди. Ҳозирда Навальний гапира оляпти ва катта эҳтимол билан шифохонага ётқизилгунча, самолётда бўлган воқеаларни эслай олади. Бу ҳақда “Der Spiegel” журнали хабар берди.
Қўриқлашнинг кучайтирилиши Навальнийнинг ўзига келганини эшитиб, у билан кўришишни истовичилар кўпайиши мумкинлиги билан изоҳланган. Шу сабабдан унинг ҳаётига хавф ортган.
ТАССнинг ёзишича, Берлин полицияси қандай хавфсизлик чоралари кўрилаётганини очиқлай олмаслигини маълум қилган.
“Биз ҳеч қачон бу борада изоҳ бермаймиз”, дейган полиция ходимлари.
Навальнийнинг аҳволи ҳақида клиникада ҳам маълумот беришмаган.
“Биз беморнинг аҳволи ҳақидаги маълумотларни унинг яқинлари рухсати билангина тақдим этамиз”, дейишган шифохонада.
Аввалроқ, Навальний “Новичок” заҳарининг модификацияланган версияси билан заҳарлангани ҳақида хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, Алексей Навальний Томскдан Москвага самолётда қайтаётганда тоби қочиб, зудлик билан Омскдаги шифохонага ётқизилди. Унинг тарафдорлари Навальнийни Германияга олиб кетиш ҳаракатига тушди. Аммо икки кун давомида Омскдаги шифохона шифокорлари уни кўчиришга рухсат бермай келди.
Бу орада Навальнийни заҳарланган деб тахмин қилаётганлар бу ҳаракатни Кремлнинг режаси деб баҳолади. Икки кундан кейин сиёсатчи Берлинга олиб кетилди. Германия Ҳукумати Россиядан ҳолат бўйича шаффоф текширув бошлашни сўради. Кремль бу чақирувга муносабат билдириб, заҳарланишни исботловчи далил йўқлигини маълум қилди.
Россия эса билдирилаётган айбловларга нисбатан, Ғарб давлатлари ва НАТОни "Новичок" гуруҳига кирувчи кимёвий модда ўйлаб топишда айблади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь