Заҳарланган Навальний Германияга олиб кетилади
Олам
−
21 Август 2020
8668Аввалроқ, Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний Омскдаги шифохонада кома ҳолатида қолаётгани ҳақида хабар берган эдик. Сафдошлари Навальнийни Германияга олиб кетиш ҳаракатига тушиб қолганди.
Алексей Навальнийни Германияга олиб кетишга рухсат бермаётган омсклик шифокорлар охир-оқибат ўз розилигини билдирди. Бу ҳақда Омск 1-сонли тез тиббий ёрдам шифохонаси бош шифокори ўринбосари Анатолий Калиниченко маълум қилди. Бунда барча жавобгарлик германиялик шифокорлар ва беморнинг қариндошларига юклатилади.
“Беморнинг аҳволи барқарор. Қариндошларининг беморни кўчириш сўровига бизнинг эътирозимиз йўқ. Улар истаган шифохонага ўтказиб берамиз”, деган шифокор.
Шифокорларнинг кутилмаганда фикрини ўзгартирганига Коррупцияга қарши кураш фонди Матбуот котиби Кира Ярмиш муносабат билдириб, Алексейнинг кўчирилиши бўйича музокаралардан ҳеч бир умид қолмаганда ижобий натижа берганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Навальнийни кўчириш учун самолёт эрталабдан бери кутяпти, барча ҳужжатлар ҳам тайёр.
Эслатиб ўтамиз, Алексей Навальний 20 август куни Томскдан учган самолётга чиққан. Кўп ўтмай у ўзини ёмон ҳис қила бошлаган. Самолёт зудлик билан Омскка қўнган. Навальнийнинг тарафдорлари уни хорижга олиб чиқиш учун Кремлдан ёрдам сўради. Президент Матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Ўша куннинг ўзида Германия ва Франция етакчилари Алексей Навальнийга ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. 21 август куни эса Германиядан самолёт келди.
Аҳамиятлиси, Алексей Навальнийга ҳамон аниқ ташхис қўйилмаган. Унинг аҳволи оғир деб баҳоланяпти.
LiveБарчаси