“Москва Сити”даги бинога дрон ҳужум қилди
Олам
−
23 Август 2023
7920Бугун, 23 август куни Москвага қилинган навбатдаги ҳаво ҳужумида учта дрон иштирок этди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Айтилишича, учувчисиз самолётлардан бири Можайск туманида уриб туширилган бўлса, иккинчиси Москва шаҳрида қурилаётган бинога келиб урилган. Учинчи дрон эса Химки вилоятида йўқ қилинган.
Буни Москва шаҳри мэри Сергей Собянин ҳам тасдиқлади.
“Бугун тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа мосламалари Москва вилоятининг Можайск туманида дронни уриб туширди. Иккинчи дрон “Москва Сити”да қурилаётган бинога келиб урилган. Воқеа жойига фавқулодда хизматлар жўнатилган. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ”, деб ёзган Сергей Собянин.
Фавқулодда вазиятлар хизматининг маълум қилишича, Нева минораси кичик зарар кўрган. Собянин эса яқин атрофдаги иккита беш қаватли уйнинг деразалари синганини айтган. Химкида эса Старбеево кварталида учувчисиз самолётнинг бўлаклари тушиши оқибатида битта бинога зарар етган.
Содир этилган ҳужум фонида Россия пойтахти аэропортларида парвозлар тўхтатилган ва баъзи рейслар кечиктирилган.
Эслатиб ўтамиз, 1, 6, 9, 10, 11, 18, 20, 21 ва 22 август кунлари ҳам учувчисиз қурилмалар ёрдамида Москвага ҳужумлар уюштирилганди. 18 августдаги ҳужумда дрон парчалари “Москва Сити”даги “Экспомарказ” зонасига тушганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь