Москва осмонида яна дрон уриб туширилди
Олам
−
09 Август 2023
5492Москва осмонида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан яна иккита дрон уриб туширилди. Бу ҳақда шаҳар мэри Сергей Собянин ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Бири Домодедово ҳудудида, иккинчиси Минск шоссеси ҳудудида. Айни пайтда дрон парчаларидан жароҳат олганлар ҳақида маълумот йўқ”, деб ёзган мэр.
Кейинроқ иккита дрон йўқ қилингани Россия Мудофаа вазирлиги томонидан ҳам тасдиқланган.
“Бугун тунда Москва вилояти ҳудудида Киев режимининг учувчисиз самолётлари ёрдамида теракт уюштиришга уринишининг олди олинди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари иккита дронни йўқ қилди. Тўхтатилган террорчилик ҳаракати оқибатида қурбонлар ва вайроналар йўқ”, дейилади Россия Мудофаа вазирлигининг баёнотида.
Шунингдек, Москва аҳолиси баланд товушларни эшитганини айтган. Лефортово вилоятида бўлган РБК мухбири уларни соат 3:00 атрофида эшитган. “Маш” нашрининг ёзишича, дронлардан бири Одинцово туманида уриб туширилган.
Айтиш жоизки, июль ойининг охири ва август ойининг бошларида Москвага учувчисиз ҳаво ҳужумлари тез-тез уюштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Россия пойтахти Москвага 24, 28, 30 июль ва 1 ва 6 август кунлари ҳам дронлар ҳужуми уюштирилганди. 31 июль куни мансабдор шахслар, раҳбарлар ва бошқа ходимларга ихтиёрий равишда масофадан ишлаш таклиф қилинди. Чунки 30 июль кунига ўтар кечаси “Москва Сити”нинг Рақамли ривожланиш вазирлиги жойлашган “IQ-квартал” минорасининг 11 ва 12-қаватларига дрон келиб урилганди. Шунингдек, ушбу бинода Иқтисодий ривожланиш вазирлиги, Саноат ва савдо вазирлиги ва бошқа вазирликлар жойлашган.
LiveБарчаси