Москвага навбатдаги дрон ҳужуми: аэропортларнинг фаолияти вақтинча чекланди
Олам
−
21 Август 2023
7873Бугун, 21 август куни эрталаб Москва вилоятида иккита дрон уриб туширилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Айтилишича, биринчи ҳодиса Москва вақти билан 6:50 да содир бўлган. Дрон Покровское қишлоғи яқинида ҳалокатга учраган.
Шундан сўнг, хавфсизлик нуқтаи назаридан Внуково ва Домодедово аэропортларида учиш ва келишга вақтинчалик чекловлар жорий қилинган.
Иккинчи ҳужум соат 8:16 да содир бўлган. Учувчисиз самолёт Москва вилоятининг Истра туманида уриб туширилган.
Москва шаҳри мэри Сергей Собянин ҳодиса оқибатида ҳеч қандай вайронагарчилик ва жабрланганлар йўқлигини айтган.
“Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Москвага яқинлашаётганда дронни уриб туширди, ҳеч қандай вайронагарчилик ва жабрланганлар йўқ”, деганди пойтахт мэри ўзининг Telegram-каналида.
Маълумот учун, кеча, 20 август куни ҳам жанубий йўналишда учувчисиз самолёт Москвага учишга ҳаракат қилинган ва у Ступинский тумани ҳудудидан ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан тўхтатилган. Мудофаа вазирлиги қурбонлар ва талофатлар йўқлигини маълум қилган. Ўшанда ҳам Москванинг Домодедово ва Внуково аэропортлари вақтинча самолётларни қабул қилиш ва жўнатишни тўхтатган.
Эслатиб ўтамиз, 1, 6, 9, 10, 11 ва 18 август кунлари ҳам учувчисиз қурилмалар ёрдамида ҳужумлар уюштирилганди. Кеча, 20 август куни эса Россиянинг Курск вилоятидаги темирйўл вокзалига дрон қулаганди. Оқибатда беш киши жароҳат олди.