Москва Дарья Дугинанинг ўлимида тўғридан-тўғри Зеленскийни айблади

Олам 8187
image

Россиялик журналист Дарья Дугинанинг ўлдирилиши Киев режими террори Украина чегараларидан ташқарига чиқишга уринаётганини кўрсатади. Бу фикрни бугун, 24 август куни Россия ОАВларига Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев билдирди. 

“Дарья Дугинанинг ўлимидан кўриниб турибдики, Киевдаги бандит режим Украина ва Донбасснинг миллионлаб аҳолисига қарши кўп йиллик террордан сўнг, энди Украина чегараларидан ташқарига чиқишга ҳаракат қилмоқда”, дейди у. 

Патрушев Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг сўзларига узоқ вақтдан бери ишонч йўқолганини, у сайланганининг биринчи кунлариданоқ Ғарб ёлғон империяси ёзган сценарий бўйича ўйнаб келаётганини таъкидлаган.  

“Украинанинг бошқа расмийлари ва уларнинг ғарблик ҳомийларининг бу қабиҳ қотилликка шўхлик билан муносабати, содир этилган жиноятдан ўз мамнунлигини яширмайдиган Киев расмийларининг асл моҳиятини яна бир бор тасдиқлади”, дейди Россия Хавфсизлик кенгаши котиби.

Патрушевнинг огоҳлантиришича, Европа сиёсатчиларининг Киевнинг ўсиб бораётган иштаҳасига нисбатан кейинги бефарқлиги, қўпорувчилик фаолияти, ядровий объектларга таҳдид ва кимёвий ва бактериологик қуроллардан фойдаланишга уриниш, пировардида Украинанинг ўз-ўзини йўқ қилишига ва Ғарб давлатларининг ўзлари учун тузатиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин.

Кеча, 23 август куни Украина Республикаси Президенти Владимир Зеленский журналист Дарья Дугинанинг ўлимига муносабат билдириб, шундай деган эди. 

"Бу, албатта, бизнинг масъулиятимиз эмас. У бизнинг мамлакатимиз фуқароси эмас, у бизни қизиқтирмайди. Ва бу Украина ҳудудида бўлмаган", дейди Зеленский Қрим платформаси форуми якунлари бўйича матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 август куни рус файлсуфи ва сиёсатчиси Александр Дугиннинг қизи Дарья Дугина Toyota Land Cruiser автомобилига ўрнатилган қўлбола портловчи учкуна портлаши оқибатида вафот этди. 

Ўша куни Дугина отаси билан бирга Президентнинг Маданий ташаббуслар жамғармаси, Москва вилояти Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Одинцово маъмурияти томонидан қўллаб-қувватланаётган “Анъана” ватанпарварлик фестивалида қатнашган. Тадбир тугагандан сўнг, Дугин ва қизи бирга кетиши керак бўлган, бироқ маълум бир сабабларга кўра, улар бошқа-бошқа машиналарда йўлга чиққан.

Тан олинмаган Донецк халқ республикаси раҳбари Денис Пушилин ўзининг Telegram'даги саҳифасида Дарья Дугинанинг ўлимида Украинани айблаб чиқди. 

Россия Федерал хавфсизлик хизматига кўра, Дарья Дугинанинг ўлдирилишини Украина махсус хизматлари тайёрлаган, ижрочи жиноятдан кейин Эстонияга қочиб кетган Украина фуқароси Наталья Вовк. 

Қотиллик содир бўлган куни Вовк ва Шабан "Анъанавий" адабий ва мусиқа фестивалида бўлишди, у ерда Дугина фахрий меҳмон сифатида иштирок этди. 21 август куни Дугина бошқарувидаги Toyota Land Cruiser Prado автомобилининг бошқариладиган портлашидан сўнг, Вовк ва унинг қизи Псков вилояти орқали Эстонияга жўнаб кетган.

Махфий хизматнинг аниқлик киритишича, Дугинанинг ўлдирилишини уюштириш ва унинг турмуш тарзи ҳақида маълумот олиш мақсадида Вовк ва унинг қизи Москвада марҳум яшаган уйда квартира ижарага олган. Жиноятчилар журналистни кузатиш учун Mini Cooper автомобилидан фойдаланган. Шу билан бирга, Россияга киришда Донецк Халқ Республикаси рақамлари ишлатилган - E982XN DPR, Москвада – Қозоғистон рақамлари 172AJD02 ва чиқишда – Украина AH7771IP.  

Президент Владимир Путин Дарья Дугинанинг оиласига ҳамдардлик мактубини йўллади ва марҳума журналистни "Жасорат" ордени билан тақдирлади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 73
Рейтинг: 3
t
×