“Ашаддий Кремлпараст”. Портлаб кетган Дугина ким эди?
Таҳлил
−
23 Август 2022
19725Бугун Россия жамоатчилиги файласуф ва “рус дунёсининг” энг кўзга кўринган мафкурачиларидан бири Александр Дугиннинг қизи, журналист Дарья Дугина вафотини муҳокама қилмоқда. У 20 август куни кечқурун машинаси портлаши оқибатида ҳалок бўлди. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари фожиани Украина хавфсизлик кучлари уюштирганини айтмоқда. Киев эса буни инкор қиляпти.
Сўнгги вақтларда отасининг яқин йўлдошларидан бирига айланган Дарья Дугина мустақил “сиёсатшунос” ва публицист ролида ҳам тез-тез кўриниш берган. У Платонова тахаллуси билан ҳукуматпараст ОАВларда Ғарбни танқид қилиб, Россия қўшинларининг Украинага киритилишини ёқлаган. Унинг вафоти муносабати билан ҳатто шахсан Президент Владимир Путин ҳамдардлик билдириб, уни “Жасорат” ордени билан тақдирлади.
Қуйида Дарья Дугина ким бўлгани, бир неча марта уйдан қочишга урингани ва атиги бир неча йилда ашаддий ҳукуматпарастга айлангани ҳақида сўз юритамиз.
Дугинанинг болалиги
Дарья Дугина 1992 йил 15 декабрда Евроосиё ҳаракати мафкураси, Халқаро Евроосиё ҳаракати ва Евроосиё ёшлар иттифоқи раҳбари, файласуф Александр Дугин ва файласуф Наталья Мелентьева оиласида туғилган.
Дарья 2014 йилда (Россия Қримни аннексия қилганида) унинг ўзи Москва давлат университетининг фалсафа факультетини тамомлаган, сўнгра Прокл Диадох шарҳларида қадимги юнон файласуфи Платоннинг сиёсий фалсафаси талқини бўйича номзодлик диссертациясини ёзган. “Медуза” нашрининг фалсафа факультетидаги манбаси Дугина энг иқтидорли ва “энг ақлли” талабалардан бири бўлганини айтган.
Дугинанинг таниши Виктория Скуйбедина файласуфнинг қизи талабалик даврида бир неча бор уйдан қочишни режалаштирганини эслаган:
“У оиласини, укасини яхши кўрарди, шундай тарбияланган. Бир куни ярим тунда Дашанинг онаси Наталья менга қўнғироқ қилди, кейин Александр Гельиевичнинг (Дугин) ўзи: Даша ғойиб бўлди [лекин кейинчалик топилди], деди. Мен ундан нима бўлганини сўраганимда, у шунчаки севиб қолган бир йигит билан бўлганини айтди”, деган Скуйбедина.
Унинг сўзларига кўра, кўп ўтмай Дугина Францияга ўқиш учун жўнаб кетган.
Францияда, 2012/13 ўқув йилида, Дугина Мишель де Монтеня номидаги Бордо III университетида академик амалиёт ўтади. Ушбу амалиёт доирасида у “платонизмни ўрганишнинг француз анъаналари билан танишди” ва Франция кутубхоналарида хорижий манбалар билан ишлади. Эҳтимол, унинг илмий қизиқишлари туфайли Дугина кейинчалик Платонова тахаллусини олди.
Фалсафа факультетини тугатгач, Дугина аспирантурага ўқишга кирди. 2020 йилгача у маърузалар қилди ва Платон фалсафасига бағишланган ўз ўқув дастурини ишлаб чиқди.
Дарьянинг танишлари у ёшлигида мусиқа билан машғул бўлганини айтади. У най чалган, унинг Dasein May Refuse (“Дазайн рад этиши мумкин”) гуруҳи эса электрон мусиқа билан шуғулланган. Дарья гуруҳ номи учун отаси Александр Дугиннинг севимли атамаси “Дазайн”ни танлаган. Бу одатда Мартин Хайдеггер ғоялари билан боғлиқ бўлган фалсафий тушунчани билдиради, унда “мавжудлик”, “аниқ мавжудлик” фалсафий маъноси сингдирилган.
Унинг дўстлари Дарья очиқкўнгил, яхши суҳбатдош эканини, у билан отасининг ғояларидан бошқа исталган мавзуда гаплашиш мумкинлигини алоҳида урғулайди. Шунингдек, у мураккаб илмий мавзуларга, хусусан, француз сўл файласуфи Ги Деборанинг ғояларига қизиққан.
“Бу ғалати эди, чунки бундан олдин у Деборага қизиқиш билдирмаган ва отаси унга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган. Унинг қизи деб айтиш қийин эди. Кейинчалик у [Александр Дугиннинг] Халқаро Евроосиё Ҳаракатининг фаоли бўлди, отаси учун маърузалар уюштира бошлади ва, эҳтимол, унинг таъсири остида, унинг фаол тарафдори бўлди. Шу пайт биз мулоқотни тўхтатдик”, деб эслайди Дугинанинг таниши “Медуза” билан суҳбатда.
“Сиёсатчи” ролидаги Дарья
2010 йилларнинг охирида Дугина сиёсатчи сифатида оммавий ахборот воситаларига изоҳ беришни бошлади. У дастлаб ташқи сиёсатга, кейин эса ички сиёсий воқеаларга баҳо берди. Шундай қилиб, 2018 йилда Кремлнинг RT телеканали веб-сайтидаги иккита колонкада Дугина Францияда яқин орада “Макрон даврининг охири” келишини башорат қилди, аммо унинг башорати амалга ошмади. Унинг Францияда 2022 йилги президентлик сайловларида Эммануэль Макроннинг эҳтимолий мағлубияти ҳақидаги тахмини ҳам тасдиқланмади.
Шарҳловчи сифатида Дарья Дугина бошқа ҳукуматпараст оммавий ахборот воситаларида ҳам чиқди – “Mash” нашрида, “Комсомольская правда” радиосида, Царьград-ТВ каналида. Шунингдек, у Geopolitika.ru сайтининг шарҳловчиси эди.
Дугина отасининг Dugin.tv сайти учун ҳам материаллар тайёрлаган. Журналистлар маърузачиларнинг контактларини топишлари мумкин бўлган Nutcall тизимида Дугинанинг телефон рақами отасининг профилида матбуот котибининг алоқа рақами сифатида кўрсатилган. Шунингдек, у Евроосиё ҳаракатининг тадбирларида маърузачи сифатида чиқиш қилган.
У тадбирларда “сиёсатшунос, файласуф, Евроосиё ёшлар иттифоқи устози Дарья Платонова” сифатида таништирилган. Унинг қизиқиш доирасига “махсус ҳарбий кучлар” бошланганидан кейин ”], ўткир антагонизм босқичига кирган Россия ва Европа ўртасидаги халқаро муносабатлар кўрсатилган.
Дугина Россия қўшинларини Украинага юбориш қарорини очиқ қўллаб-қувватлади. 24 февраль куни кенг кўламли уруш бошланишини ўзининг Telegram-каналида (ҳозирда 18,6 минг киши обуна бўлган) у қуйидагича изоҳлади:
“Кеча мен кимсасиз Москва кўчаси бўйлаб кетаётган эдим, узоқда эса уй устида Россия байроғи ҳилпираб турарди. Ва сокин шитирлаш: руслар келяпти. Аёлларнинг сезгиси – кучли. Негадир эътиборни шу сокинлик ва байроққа қаратдим. Бошимда шу шиор –“Империя, бўл!” Мен уйғондим ва империя амалга ошди”, деган марҳума ўшанда.
24 февралдан кейин
Босқин бошланганидан бери Дарья Дугина икки марта Буюк Британия ва Австралиянинг санкциялар рўйхатига киритилган.
“Икки марта бўлган, чунки, афтидан, бу рўйхатларни тузувчилар орасида ўзгаришлар бўлган. Ва улар рўйхатга киритиш учун яхшироқ ҳеч кимни тополмадилар мени – мулки бўлмаган оддий журналистни [киритдилар], деган у “Комсомолская правда” радиосида “қора рўйхат”га тушганига изоҳ бериб.
Британия расмийлари Дугинанинг рўйхатга киритилишини “у Украина ва Россия босқинчилиги ҳақида тез-тез ва шов-шувли дезинформация манбаи, Украинани беқарорлаштирадиган, унинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ёки мустақиллигига путур етказадиган ёки таҳдид солувчи сиёсат ёки ҳаракатларни қўллаб-қувватлаши билан изоҳлади.
Дугина “Қора юзталик” нашриёти билан яқиндан ҳамкорлик қилган ва унинг асосчилари билан дўст эди. 2022 йил кузининг охирида “Қора юзталик” Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақидаги “Z китоби”ни чиқариши керак эди.
“Z китоби” бу “иштирокчилар ва гувоҳлар: ҳарбийлар, “озод қилинган” шаҳарларнинг тинч аҳолиси, кўнгиллилар ва уруш мухбирларининг ҳикоялари тўплами”, дейилади нашриёт сайтида.
Дарья Дугина ҳам китоб учун матн ёзмоқчи эди. 21 август куни, унинг ўлими эълон қилингандан сўнг, нашриёт жамоаси Дугина шу кунларда “Z китоби”га киритилиши керак бўлган “Новороссия ва чегара метафизикаси” мақоласини топшириши кераклигини эълон қилди. Энди нашриёт Дугинанинг қораламалари асосида мақола чоп этиб, унинг хотирасига бағишламоқчи.
Июнь ойининг ўрталарида Дугина Мариуполдаги “Азовсталь” заводига борди. Британиялик журналист ва блогер Грэм Филлипс (2015 йил мартигача у RT ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг “Звезда” телеканалида ишлаган) ва исландиялик Россия бўйича эксперт Хаукур Хаукссон билан бирга у қўлга олинган заводдан репортаж тайёрлади, кейинчалик у 2016 йилда Россиядан сиёсий бошпана олган собиқ АҚШ полицияси ходими Жон Марк Дуганнинг YouTube каналида эълон қилинди.
Дугина “Армия-2022” ҳарбий-техник форумида қилган сўнгги маърузасида у Бучадаги қотилликларни “Россия тажовузи қурбонлари сифатида кўрсатилган одамларнинг жасадлари саҳналаштирилган” деб атаган. Унинг фикрига кўра, “саҳналаштириш” Ғарб жамоатчилигини “русларнинг қонли жиноятларига” ишонтиришга қаратилган эди.
Отаси ва унинг ғоялари
Дарья 2021 йилда берган интервьюсида: “Бундай инсоннинг (Александр Дугин каби) қизи бўлиш катта шарафдир. Одамлар умри давомида интилиб, излайдиган ҳикмат ва билимлар манбаи менга болалигимдан берилган. Менинг сиёсий фаолиятимнинг биринчи эпизодлари – мен Оқ уй билан нима содир бўлишини [ҳужум пайтида] кузатаётган онамнинг қўлидаман. Бу дадам аллақачон Оқ уйни ҳимоя қилган 1993 йил эди. Мен ғурурланаман ва отам номини муносиб улуғлаш, унинг ғоялари ва курашини давом эттириш учун ҳамма нарсани қиламан”, деган.
Александр Дугин – энг машҳур рус империалист файласуфларидан бири. У Бош разведка бошқармаси генерали оиласида туғилган. Отасининг юқори мавқеига қарамай, Дугин яхши олий маълумот олмаган: 2000 йилда фалсафа фанлари номзоди диссертациясини ҳимоя қилар экан, у Олий мактабнинг Шимолий Кавказ илмий марказига Новочеркасск муҳандислик-мелиоратив институтининг сиртқи бўлимини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни тақдим этган.
1970-йилларда Дугин ёзувчи Юрий Мамлеевнинг Южинский тўгарагига қатнашни бошлади, у тўгарак йиғилишларида унинг асарларини ўқиди.
Мамлеев “Абадий Россия” концепциясининг муаллифи эди – бу “барча буюклик ҳали олдинда” бўлган мамлакат ва Россиянинг ўзи “давлат халқ билан бирлашган бахтли жой, одамлар улар тўғридан-тўғри Худодан тарқалгани ишонишади ҳамда донолик ва севги билан бошқарилади”.
Кейинчалик Дугин фашистик қарашларга содиқ қолган ёзувчи Евгений Головиннинг оккулцион доирасига, 1980-йилларнинг охирида “Хотира” миллий жамиятига қўшилди. СССР парчаланишидан олдин Александр Дугин советларга қарши эди, аммо Давлат фавқулодда вазиятлар қўмитаси исёни вақтида фикрини ўзгартирди. 1993 йилда файласуф Президент Борис Ельцин ва парламент ўртасидаги қарама-қаршилик пайтида Оқ уй ҳимоячилари сафидан жой олди.
Кўп ўтмай, Дугин ёзувчи Эдуард Лимонов ва мусиқачи Егор Летов билан биргаликда Миллий большевиклар партиясини тузиб, унинг асосий мафкурачисига айланди. 1998 йилда Дугин Лимоновнинг аниқ сиёсий қарашлари йўқлигини айтиб, партияни тарк этди. Кейинчалик у Давлат Думаси спикери, нуфузли коммунист Геннадий Селезневнинг маслаҳатчиси бўлган. 2008 йилдан бери Дугин Москва давлат университети профессори, Москва давлат университети ижтимоий фанлар факультети консерватив тадқиқотлар маркази раҳбари ва айни пайтда ушбу университетнинг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи бўлган.
2014 йилда Дугин ректор Виктор Садовничийнинг қарори билан Москва давлат университетидан ишдан бўшатилди: бунга файласуфнинг Украинадаги рус тарафдорларига нисбатан ваҳшийликларга йўл қўяётганларни “ўлдириш”га оммавий чақириғи сабаб бўлди.
Дугин Евроосиё ҳаракатининг асосчиси ҳисобланади. Евроосиёлик мафкураси, Дугиннинг фикрича, “денгиз ва қуруқлик” ўртасидаги геосиёсий курашдан иборат. У АҚШ ва Буюк Британияни денгиз давлатлари, Россия ва Шарқ мамлакатларини қуруқлик давлатлари, деб атайди. Дугин учун идеал сиёсий тизим черков ва дунёвий ҳокимиятнинг “симфонияси” бўлиб, у монархияни бошқарувнинг энг мукаммал шакли, деб ҳисоблайди.
LiveБарчаси