Журналист машинасига қўшиб портлатиб юборилди

Олам

image

Россиянинг Москва вилоятида рус файласуфи Александр Дугиннинг қизи, журналист ва сиёсатшунос Дарья Дугинанинг машинаси портлаб кетди. Оқибатда журналист вафот этди. Бу ҳақда рус оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, машина ҳаракатланиб кетаётган вақтида портлаган. 

“Коммерсант” хабарига кўра, кеча, 20 август куни Александр Дугин ва унинг қизи Дарья Президентнинг Маданий ташаббуслар жамғармаси, Москва вилояти Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Одинцово маъмурияти томонидан қўллаб-қувватланаётган “Анъана” ватанпарварлик фестивалида қатнашган. Тадбир тугагандан сўнг, Дугин ва қизи бирга кетиши керак бўлган, бироқ маълум бир сабабларга кўра, улар турли машиналарда кетишган.

Дастлаб ҳодисага машина газ баллонининг портлаши сабаб бўлгани айтилган, бироқ кейинчалик ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қўлбола портловчи қурилма машина тагига ўрнатилганини айтган. 

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси марказий аппарати қотиллик бўйича жиноий иш қўзғатган. 

“20 август куни соат тахминан 21:00 ларда Одинцово шаҳар округида катта тезликда трассада Toyota Land Cruiser  русумли автомобилга ўрнатилган портловчи қурилма ишга тушди ва кейин машина портлаб кетди. Ёнғин содир бўлди. Ҳайдовчи воқеа жойида вафот этди. Марҳумнинг шахси аниқланди – бу журналист ва сиёсатшунос Дарья Дугина”, дейилади тергов қўмитаси хабарида. 

Кейинчалик тан олинмаган Донецк халқ республикаси раҳбари Денис Пушилин ўзининг Telegram'даги саҳифасида Дарья Дугинанинг ўлимида Украинани айблаб, пост қолдирган. 

“Украина режимининг террорчилари Александр Дугинни йўқ қилишга уриниб, унинг қизини машинада портлатиб юборишди”, деб ёзган Пушилин. 

Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк ҳолатга муносабат билдириб, айбловларни рад этган. 

"Мен Украинанинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлайман, чунки биз Россия Федерацияси каби жиноий давлат эмасмиз, ҳатто террорчи давлат ҳам эмасмиз", дейди  Подоляк. 

Маълумот ўрнида, рус файласуфи Александр Дугин Россия қўшинларининг Украинага киришини ва унинг деярли барча ҳудудини босиб олишни ёқлаб чиққан.

Дарья Дугина эса ижтимоий тармоқларда отасининг ғоялари билан ўртоқлашган. Отаси билан бирга у Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1472

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг