Мирзиёев Тўқаевни қўллайди. Президентлар қўнғироқлашди
Жамият
−
20 Январь 2022
3211Бугун, 20 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот ўтказди.
Давлат раҳбарлари икки томонлама кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини кўриб чиқдилар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сиёсий муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани, товар айирбошлаш ортаётгани ва кооперация алоқалари кучайиб бораётгани, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан савдо ва логистика, машинасозлик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё ва фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат соҳалари ва бошқа устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбари Қозоғистон Президенти томонидан мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди.
Телефон орқали мулоқот ҳар доимгидек, очиқ, амалий ва дўстона руҳда ўтган.
Маълумот учун, икки давлат раҳбарлари жорий йилнинг 10 январь куни ҳам мулоқот ўтказганди. Унда Президент Тўқаев Қозоғистон Республикасидаги жорий ҳолат ҳамда мамлакатда вазиятни барқарорлаштириш бўйича ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берганди.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.
Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди. 6 январь куни Россия, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон ҳарбийларидан иборат КХШТ тинчликпарвар контингенти Қозоғистонга кирди. Хорижий ҳарбийларга муҳим аҳамиятга эга объектларни қўриқлаш вазифаси топширилди. КХШТ контингенти кеча Қозоғистонни тарк этишни бошлади.
Ҳозиргача Беларусь, Арманистон ва Россия ҳарбийлари ортга қайтгани ҳақида хабар берилди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15