Мирзиёев “Арқадағ”ни мукофотлади

Жамият

image

Икки томонлама музокаралар якунида туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг юксак давлат мукофоти – "Олий Даражали Дўстлик" орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев мукофотни топширар экан, Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қардош мамлакатлар ўртасидаги анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашдаги улкан хизматларини алоҳида қайд этди.

“Қардош Туркманистоннинг барча улкан ютуқлари, кенг кўламли янгиланишлари ва халқаро майдондаги нуфузи юксалиши сизнинг номингиз билан чамбарчас боғлиқ”, деди Ўзбекистон Президенти.

Туркманистонда иқтисодиётнинг барқарор ўсиши таъминланмоқда, аҳоли фаровонлиги изчил юксалмоқда. Президент туркман халқининг миллий етакчиси томонидан илгари сурилаётган глобал хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлидаги халқаро ташаббусларни алоҳида қайд этди.

Шу муносабат билан Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 2025 йилни "Тинчлик ва ишонч йили" деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватлангани таъкидланди.

Туркманистон етакчисининг шахсий саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари бугунги кунда юксак даражага чиққани, ҳақиқатдан намунавий тус олгани таъкидланди.

“Шахсан сизнинг кўмагингиз билан 2017 йилда давлатларимиз стратегик шериклигининг мустаҳкам асоси яратилди”, деди Шавкат Мирзиёев.

Мамлакатлар парламентлари, ҳукуматлари, ҳудудлари, ишбилармонлари, жамоатчилиги, зиёлилари ва ёшлари ўртасида фаол мулоқотлар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича дастур ва лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Билдирилишича, кейинги йилларда товар айирбошлаш бир неча баробар кўпайиб, 1 миллиард доллардан ошган.

“Маданий-гуманитар ҳамкорлик юксак эътирофга лойиқ. Масалан, ўтган йили Ашхобод ва Тошкентда Махтумқули асарларининг ўзбек тилидаги тўплами тақдимот қилинди, шунингдек, Ашхобод халқаро кинофестивалида ўзбек-туркман бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди”, дейилади хабарда..

Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг олий мукофоти топширилиши кўп миллатли халқимизнинг атоқли давлат арбоби, бугунги Туркманистоннинг миллий етакчиси ва меъмори сифатида унга нисбатан самимий ҳурмат-эҳтироми ифодаси бўлгани таъкидланди.

Маълумот учун, Гурбангули Бердимуҳамедов кеча, 23 апрель куни ташриф билан Самарқандга келди. Тантанали равишда икки мамлакат байроқлари билан безатилган Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Самарқанд шаҳридаги тадбирлар доирасида Мирзиёев ва Бердимуҳамедов биргаликда Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат кўрсатди. Шундан сўнг, етакчилар биргаликда “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик боғи ҳудудида ташкил этилган маданий тадбирларда иштирок этди. Бугун, 24 апрель куни Самарқанд шаҳрида Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг музокаралари бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 21 апрель куни Гурбангули Бердимуҳамедов Қозоғистонга борганди. Туркистон аэропортида олий мартабали меҳмонни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кутиб олди. Улар биргаликда туркий дунёнинг энг буюк маънавий, тарихий ва маданий қадамжоларидан бири – UNESCO'нинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилди. 22 апрель куни Қосим-Жомарт Тўқаев Гурбангули Бердимуҳамедов билан норасмий учрашув ўтказди. Газ соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Қозоғистоннинг хорижий ҳамкорлар билан биргаликда Галкиниш конини ўзлаштириш лойиҳасида иштирок этишига алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан сўнг, Туркман халқининг миллий етакчиси Қирғизистонинг Чўлпон-Ота вилоятига борди. Уни аэропортда Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров кутиб олди. Жапаров Бердимуҳамедовни қирғизча меҳмон қилди.

Кеча, 23 апрель куни Жапаров Чўлпон-Ота шаҳрида Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокара ўтказди. Кейин эса етакчиларга Иссиқкўл вилоятидаги Бактуу-Долоноту қишлоғидаги ипподромда қирғиз миллий от спорти ўйинлари – “Жорго салиш” ва “Кўк бору” тақдим этилди. Маданий дастур якунида Президент Садир Жапаров фахрий меҳмонни Иссиқкўл халқаро аэропортигача кузатиб қўйди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон Олий Даражали Дўстлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг