Жапаров “Арқадағ”ни қирғизча меҳмон қилди
Олам
−
23 Апрель
7861Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров кеча, 22 апрель куни туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан Чўлпон-Отадаги “Рух-Ордо” маданият марказига борди. Бу ҳақда Жапаровнинг матбуот хизмати хабар берди.
Етакчиларга Қирғизистон Маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазири Мирбек Мамбеталиев мажмуа бўйлаб қисқа экскурсия ўтказди ва Иссиқкўл соҳилида очиқ осмон остидаги музейнинг ташкил этилиши тарихи ҳақида сўзлаб берди.
Ундан кейин норасмий кечки овқат бошланди. Фахрий меҳмонлар марказ ҳудуди бўйлаб сайр қилиш чоғида миллий чолғу чолғуси кўринишида ясалган устунни кўздан кечирди. Бу ерда уларга комуз чалиш маҳорати намойиш этилди. Шундан сўнг Садир Жапаров мартабали меҳмонга қирғиз мусиқа маданияти тимсоли бўлган комуз совғасини топширди.
Сўнг Президент ва Раис миллий таомлар намойиши чоғида қуурма чойидан татиб кўрди. Кейинчалик улар мажмуа яқинида жойлашган радон манбасига йўл олишди. У ерда Президент Садир Жапаров сувнинг шифобахш хусусиятлари ҳақида гапирар экан, Иссиқкўл вилоятида ҳам саломатликка фойдали таъсири билан машҳур бўлган минглаб шундай булоқлар борлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 21 апрель куни Гурбангули Бердимуҳамедов Қозоғистонга борганди. Туркистон аэропортида олий мартабали меҳмонни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кутиб олди. Улар биргаликда туркий дунёнинг энг буюк маънавий, тарихий ва маданий қадамжоларидан бири – UNESCO'нинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилди. Кеча, 22 апрель куни Қосим-Жомарт Тўқаев Гурбангули Бердимуҳамедов билан норасмий учрашув ўтказди. Газ соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Қозоғистоннинг хорижий ҳамкорлар билан биргаликда Галкиниш конини ўзлаштириш лойиҳасида иштирок этишига алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан сўнг, Туркман халқининг миллий етакчиси Қирғизистонинг Чўлпон-Ота вилоятига борди. Уни аэропортда Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров кутиб олди.
Бугун, 23 апрель Бердимуҳамедов Самарқандга келади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев аллақачон Самарқандга етиб келган.
LiveБарчаси