Тўқаев Туркистонда “Арқадағ” билан норасмий учрашув ўтказди
Олам
−
22 Апрель
4203Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 22 апрель куни Туркистонда Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан норасмий учрашув ўтказди. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Тўқаев олий мартабали меҳмонни самимий қутлар экан, унга Қозоғистоннинг маънавий пойтахти, бутун туркий халқлар учун муқаддас аҳамиятга эга бўлган Туркистон шаҳрига ташриф буюргани учун миннатдорлик билдирди.
“Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик муваффақиятли ривожланаётгани қувонарлидир. Режалар газ саноати, шунингдек, транспорт-логистика соҳасида стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни ўз ичига олади. Мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янада сифатли ривожланиши унинг натижаларига боғлиқ экан, биз бу борадаги ишларни назоратда ушлаб турибмиз”, деди Қозоғистон Президенти.
Шунингдек, Қосим-Жомарт Тўқаев Гурбангули Бердимуҳамедовни “Халқаро тинчлик ва ишонч” йилининг бошланиши билан табриклаб, БМТ томонидан қўллаб-қувватланган ушбу ташаббус Туркманистоннинг халқаро миқёсдаги юксак обрў-эътиборидан далолат беришини таъкидлади.
Халқ Маслаҳати Раиси ҳам меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистонни Туркманистоннинг асосий стратегик ҳамкорларидан бири деб атади.
“Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатларимиз яхши истиқболга эга. Туркманистоннинг БМТ доирасида Халқаро тинчлик ва ишонч йили деб эълон қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлаганингиз учун сиздан миннатдормиз”, деди Гурбангули Бердимуҳамедов.
Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг барча спектри бўйича кўп қиррали стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди. Суҳбатдошлар янги ўсиш нуқталарини топиш ва яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, газ соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Қозоғистоннинг хорижий ҳамкорлар билан биргаликда Галкиниш конини ўзлаштириш лойиҳасида иштирок этишига алоҳида эътибор қаратилди.
Қосим-Жомарт Тўқаев Турғунди-Ҳирот-Қандаҳор-Спин-Булдоқ темирйўлини қуриш лойиҳасининг салмоқли салоҳияти борлигини, унинг муваффақиятли амалга оширилиши транспорт йўналишларини диверсификация қилиш ва экспорт бозорларини кенгайтиришни таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, “Шимол-Жануб” йўналишида транзит салоҳиятини ривожлантиришда Қозоғистон-Туркманистон-Эрон темирйўли ва қурилаётган Туркманбоши-Гарабоғоз-Қозоғистон чегараси автомобиль йўллари ҳам муҳим ўрин тутади.
Бундан ташқари, учрашув иштирокчилари таълим ва рақамлаштириш соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Қозоғистон томони Туркманистонга давлат хизматларини рақамлаштириш, шунингдек, IT-мутахассисларининг малакасини оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Гурбангули Бердимуҳамедов Қозоғистонга ташрифи кеча, 21 апрель куни бошланган. Туркистон аэропортида олий мартабали меҳмонни давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев кутиб олди. Улар биргаликда туркий дунёнинг энг буюк маънавий, тарихий ва маданий қадамжоларидан бири – UNESCO‘нинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилди. Етакчилар буюк мутафаккир хотирасига ҳурмат бажо келтирди ҳамда мақбарада олиб борилаётган реставрация ва илмий-тадқиқот ишлари билан ҳам танишди.
Тўқаев ва Бердимуҳамедов Этноаул мажмуасига ва Азрет-Султон қўриқхонаси ҳудудида жойлашган миллий маданий мажмуага ҳам борди. Улар турли хил дон экинлари намойиш этилган шарқ бозорини кўздан кечирди. Шунингдек, етакчилар миллий таомлар, ёғочга ишлов бериш, тўқувчилик, кигиздўзлик, кулолчилик, заргарлик каби халқ ҳунармандчилиги усталарининг ижод намуналари билан ҳам танишди. Дастур қозоқ урф-одатлари ва маросимларига бағишланган театрлаштирилган томоша билан давом этди. Бундан ташқари, Този итлар ва ов қушларининг маҳорати намойиш этилди.
Қозоғистон Президенти ва Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Turkistan visit centre’га ташриф буюрди. Меҳмонларга Қадимий Култўбе масканини ривожлантириш ва ободонлаштириш лойиҳалари ҳақида маълумотлар тақдим этилди. Тўқаев ва Бердимуҳамедов 27 гектар майдонда археологик қазишмалар якунланган тарихий обидани музейлаштириш ишларининг бориши билан танишди. Яқин кунларда очилиши режалаштирилган Ҳунармандлар маркази концепцияси ҳам тақдим этилди. Унда ҳунармандчилик устахоналари, миллий гастрономик марказлар, шарқ бозори ва меҳмонхоналар жойлашади.
Бундан ташқари, Қозоғистон Президенти ва Туркманистон Халқ Маслаҳати Раисига Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасининг ноёб тарихий экспонатлари намойиш этилди. Маълумот учун, 25 март куни World Craft Council халқаро ташкилоти қарори билан Туркистон “Ҳунармандлар шаҳри” мақомини олган.
Эслатиб ўтамиз, 27 апрель куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида биринчи Марказий Осиё – Италия саммити бўлиб ўтиши маълум қилинганди. Унда Италия Бош вазири Жоржия Мелони ва Марказий Осиё давлатлари етакчилари иштирок этади.
LiveБарчаси