“Арқадағ” эртага Ўзбекистонга келади
Жамият
−
22 Апрель
4739Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов 23-24 апрель кунлари ташриф билан Самарқанд шаҳрида бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бўлажак музокаралар кун тартибидан Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 21 апрель куни Гурбангули Бердимуҳамедов Қозоғистонга борганди. Туркистон аэропортида олий мартабали меҳмонни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кутиб олди. Улар биргаликда туркий дунёнинг энг буюк маънавий, тарихий ва маданий қадамжоларидан бири – UNESCO'нинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилди. Бугун, 22 апрель куни Қосим-Жомарт Тўқаев Гурбангули Бердимуҳамедов билан норасмий учрашув ўтказди. Газ соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Қозоғистоннинг хорижий ҳамкорлар билан биргаликда Галкиниш конини ўзлаштириш лойиҳасида иштирок этишига алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан сўнг Туркман халқининг миллий етакчиси Қирғизистонинг Иссиқкўл вилоятига борди. Уни аэропортда Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров кутиб олди.
LiveБарчаси