Мирзиёев “Арқадағ”га ўзбек тилидаги китобни совға қилди
Жамият
−
24 Апрель 3667 2 дақиқа
Бугун, 24 апрель куни "Silk Road Samarkand" мажмуасининг Конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Туркманистон етакчиси Шавкат Мирзиёевга Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Кўп қиррали ҳамкорлик барча йўналишларда, шу жумладан сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

“Барча даражаларда самарали мулоқот олиб борилмоқда. Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари, Ишбилармонлар кенгаши, Ҳудудлар форуми, маданият кунлари, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард долларни ташкил этди. Пойтахтларда савдо уйлари очилиб, юк ташиш ҳажми ошмоқда. Яқин йилларда товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ўзаро манфаатли кооперация ривожланмоқда. Биргаликда "Шовот-Тошовуз" чегараолди савдо зонаси ташкил этилмоқда. Фаол ҳудудлараро мулоқотлар йўлга қўйилган, маданий-гуманитар алмашинув бўйича катта дастурлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилда Хива шаҳрида учинчи Ҳудудлар форумини ҳамда Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунларини ўтказишга келишиб олинди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақавий шерикликка доир масалалар, шу жумладан "Марказий Осиё плюс" форматидаги бўлажак саммитлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш юзасидан фикр алмашган.

Шавкат Мирзиёев Туркманистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасида жорий йил декабрь ойида Ашхобод шаҳрида ўтказиладиган форум ва бошқа халқаро тадбирлар муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлаган.
Учрашувда Ўзбекистон Президенти туркман халқининг миллий етакчисига унинг қаламига мансуб "Тафаккур гавҳари" китобининг ўзбек тилидаги нусхасини топширган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 11 октябрь куни Ашхободда туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган "Замон ва цивилизацияларнинг ўзаро боғлиқлиги - тинчлик ва тараққиёт асоси" мавзусидаги халқаро форумдан сўнг, Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашиб, унга Махтумқулининг ўзбек тилида нашр этилган танланган асарлари тўпламини совға қилганди.
Live
Барчаси