Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея билан “биргаликда тараққиётда сакраш”ни таклиф қилди
Жамият
−
14:59 612 4 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея билан илғор технологиялар, инвестициялар ва инсон капитали соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали “биргаликда тараққиётда сакраш”ни амалга оширишга чақирди. Бу ҳақда у Сеулда бўлиб ўтадиган биринчи Марказий Осиё – Корея Республикаси саммити арафасида “The Korea Herald” нашрига берган ёзма интервьюсида сўз очди.
Шавкат Мирзиёев бу ташаббусни Сеулда илк бор ўтказиладиган Марказий Осиё – Корея Республикаси саммити арафасида билдирди. Олти томонлама саммитда Жанубий Корея, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон иштирок этади. Унда узоқ муддатли ҳамкорликни белгилаб берувчи Сеул декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда.
Ўзбекистон раҳбари Жанубий Кореяни мамлакатнинг 2030 йилгача бўлган стратегияси ва “Янги Ўзбекистон” ғоясини амалга оширишда муҳим ҳамкор деб атаган. Унинг сўзларига кўра, Сеулнинг модернизация тажрибаси ва амалий қўллаб-қувватлаши икки давлат иқтисодиётининг бир-бирини тўлдиришига хизмат қилмоқда.
“Бу ҳамкорлигимизда янги ўсиш нуқталарини очиш ва уни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш – “биргаликда тараққиётда сакраш” имконини беради”, деган Шавкат Мирзиёев.
Нашрнинг ёзишича, Президент ушбу иборани Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мённинг сўзларидан келиб чиқиб ишлатган. Шавкат Мирзиёев, шунингдек, 2025 йил 23 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Ли Чжэ Мён билан илк бор учрашганини ҳам эслаган. Ушбу учрашувда томонлар “самимий ва самарали мулоқот” ўрнатганини билдирган.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги савдо ҳажми беш баробар ошган, Корея инвестициялари 8 миллиард доллардан, қўшма корхона ва лойиҳалар сони эса 700 тадан ошган. KOICA, Корея Эксимбанки ва бошқа жамғармалар билан ҳамкорликдаги лойиҳалар портфели 3,5 миллиард доллардан зиёдни ташкил этади.
Шунингдек, Samsung, LG, Hyundai, Kia, KOGAS ва Lotte каби корейс компаниялари Ўзбекистонда саноат, транспорт, соғлиқни сақлаш ва рақамли инфратузилма соҳаларида фаолият юритмоқда. Тошкент эса савдо билан чекланиб қолмасдан, сунъий интеллект, муҳим минераллар ва яримўтказгичлар, робототехника, электромобиллар, биофармацевтика, замонавий кимё, “ақлли қишлоқ хўжалиги” ва “ақлли шаҳарлар” каби юқори қўшилган қийматли соҳаларда ишлаб чиқаришни ривожлантиришни мақсад қилмоқда.
Шавкат Мирзиёев интервьюсида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ишонч ва иқтисодий алоқалар сўнгги ўн йилда сезиларли даражада кучайганини таъкидлаган. Минтақа иқтисодиётлари ўртача 7 фоиздан зиёд ўсиб, 2025 йилда Марказий Осиёнинг ялпи ички маҳсулоти 500 миллиард доллардан ошган.
Ўзбекистон етакчисининг таъкидлашича, Жанубий Корея ўзининг саноат салоҳияти, капитали ва модернизация тажрибаси билан минтақада янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришда муҳим ўрин тутиши мумкин.
Президент, шунингдек, Корея университетлари ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни кучайтириш, қўшма таълим дастурлари ва илмий-тадқиқот марказларини ташкил этиш зарурлигини қайд этган.
“Ҳеч қандай технология инсон ўрнини боса олмайди”, деган Шавкат Мирзиёев.
Президент икки халқ ўртасидаги алоқалар тарихий илдизларга эга эканини, Самарқанддаги Афросиёб саройи деворий суратлари Марказий Осиё ва Корея яримороли ўртасидаги қадимий алоқаларни акс эттиришини айтган. Ўзбекистондаги Корё-сарам жамоаси ҳам икки мамлакат ўртасидаги замонавий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлаган.
Шавкат Мирзиёев саммит икки мамлакат учун ўн йилга яқин давом этган мулоқотни аниқ иқтисодий лойиҳалар ва институционал ҳамкорликка айлантириш учун янги босқичнинг бошланиши сифатида баҳолаган. У инвестициялар, инфратузилма, инновациялар ва маданий алоқаларни кенгайтириш бўйича “илғор келишувлар”га эришишга умид билдирган.
Ўзбекистон раҳбари Жанубий Корея билан муносабатлар нафақат сиёсий келишувлар ва иқтисодий манфаатларга, балки халқлар ўртасидаги ишончга ҳам асосланиши кераклигини қайд этган ҳамда кореяликларни Ўзбекистонга сайёҳ, ҳамкор, тадбиркор ва талабалар сифатида ташриф буюришга чақирган.
“Ўзбекистон – кўриш ва ҳис қилиш керак бўлган мамлакат”, деган Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси Зироат Мирзиёева ҳамроҳлигида давлат ташрифи билан Сеул шаҳрига етиб борганди.
Сеул шаҳрига борган Президент Шавкат Мирзиёевни Корея Республикасида меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонликлар кутиб олган ҳамда давлат раҳбари ўзбекистонликлар билан суҳбатлашиб, уларнинг фаолияти, ўқиши ва келажак режалари билан қизиққанди.
Мазкур расмий ташриф доирасида давлат раҳбари Ўзбекистон – Корея бизнес форумининг очилишида нутқ сўзлайди. Шунингдек, 16 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев биринчи “Марказий Осиё – Корея Республикаси” саммитида иштирок этади.
Live
Барчаси