Мирзиёев “Арқадағ”га Махтумқулининг ўзбек тилида нашр этилган китобини совға қилди
Жамият
−
11 Октябрь
3315Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрига ташрифи доирасида Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни шоир ва мутафаккир Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган халқаро форум юксак даражада ўтказилгани билан самимий муборакбод этди.
Суҳбатда Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш, кўп қиррали ҳамкорликни, айниқса сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзаро товар айирбошлаш жадал ўсаётгани, биргаликда чегараолди савдо ҳудуди барпо этилаётгани, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик кучайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Фаол ҳудудлараро, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашинув доирасидаги тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқди.
Бўлажак олий даражадаги мулоқотлар режаси ҳам муҳокама қилинди.
Мирзиёев Туркман халқининг миллий етакчисига Махтумқулининг ўзбек тилида нашр этилган танланган асарлари тўпламини совға қилди.
Маълумот учун, бугун, 11 октябрь куни Ашхободда туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган "Замон ва цивилизацияларнинг ўзаро боғлиқлиги - тинчлик ва тараққиёт асоси" мавзусидаги халқаро форум бўлиб ўтди.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Покистон Ислом Республикаси Президенти Осиф Али Зардарий, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Арманистон Республикаси Президенти Ваагн Хачатурян, хорижий давлатлар парламентлари раҳбарлари ва юқори мартабали вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар бошлиқлари иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур анжуманда қатнашган Мирзиёев Туркманистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган "Халқаро тинчлик ва ишонч йили" доирасида келгуси йили Ашхобод шаҳрида глобал саммит ўтказилишини қўллаб-қувватлаганди. Сердар Бердимуҳамедов эса Ўзбекистон Президентига мазмунли нутқ ҳамда Махтумқули Фироғий хотирасини абадийлаштириш борасида мамлакатда амалга оширилаётган чора-тадбирлар учун миннатдорлик билдириб, Мирзиёев туркман шоири ва мутафаккири таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан медаль билан мукофотланишини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь