Мирзиёев Ашхободда глобал саммит ўтказилишини қўллаб-қувватлади
Жамият
−
11 Октябрь
2237Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган "Халқаро тинчлик ва ишонч йили" доирасида келгуси йили Ашхобод шаҳрида глобал саммит ўтказилишини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда у бугун, 11 октябрь куни Ашхободда бўлиб ўтган туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган "Замон ва цивилизацияларнинг ўзаро боғлиқлиги - тинчлик ва тараққиёт асоси" мавзусидаги халқаро форумда сўз очди.
"Биз қардош Туркманистон раҳбариятининг ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан келгуси йилнинг “Халқаро тинчлик ва ишонч йили”, деб эълон қилингани ҳамда бу борада ўзига хос глобал мулоқот платформаси яратилаётганини олқишлаймиз. Жумладан, келгуси йили декабрь ойида Ашхободда бўлиб ўтадиган халқаро саммит бу хайрли йўлдаги улкан воқеа бўлади, деб ишонамиз ва туркман биродарларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз", деди Мирзиёев.
Шунингдек, у ўз нутқида форумнинг ўтказилиши халқлар ўртасидаги биродарлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш, мамлакатларни бир-бирига янада яқинлаштириш, бой маънавий меросимизни бутун дунёга тарғиб қилиш йўлида улкан амалий қадам бўлишини таъкидлади.
Махтумқули Фироғийнинг ижодий мероси нафақат Шарқ мумтоз шеъриятини, балки жаҳон адабиётини ҳам бойитганлиги қайд этилди. Ўзбекистонда Махтумқули ижоди юксак қадрланиши, шоир Хива шаҳридаги Шерғозихон мадрасасида таҳсил олиб, дунёвий ва диний илмларни ўргангани, буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийни чуқур ҳурмат қилгани таъкидланди.
Билдирилишича, жорий йилда Ўзбекистонда Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги кенг нишонланаётгани таъкидланди. Анжуман, семинар, адабий кеча, танлов, спектакллар ва бошқа тадбирлар ўтказилмоқда. Ўзбек ва туркман киноижодкорлари томонидан шоир ҳақида ҳамкорликда бадиий фильм суратга олинди.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистон Президентига мазмунли нутқ ҳамда Махтумқули Фироғий хотирасини абадийлаштириш борасида мамлакатда амалга оширилаётган чора-тадбирлар учун миннатдорлик билдириб, Мирзиёев туркман шоири ва мутафаккири таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан медаль билан мукофотланишини маълум қилди.
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Покистон Ислом Республикаси Президенти Осиф Али Зардарий, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Арманистон Республикаси Президенти Ваагн Хачатурян, хорижий давлатлар парламентлари раҳбарлари ва юқори мартабали вакиллари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар бошлиқлари иштирок этди.
Тадбир ниҳоясида форумнинг якуний ҳужжати қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 февраль куни Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори имзоланганди. Унга кўра, юбилей бўйича ташкилий қўмитага Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади. Юбилей байрами доирасида Махтумқулининг танланган асарлари, унинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган илмий мақолалар тўпламини нашр этиш режалаштирилган.
LiveБарчаси