Медведев Ғарбни “тавба қилишга” чақирди

Олам

image

Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев Ғарб ўзининг нотўғри ҳисоб-китобларини тан олишига ҳамда аҳмоқлигидан пушаймон бўлишига умид қилмоқда. Бу ҳақда у X Санкт-Петербург халқаро юридик форумида айтиб ўтди.

“Маълум умидлар сақланиб қолмоқда, умид, ўзингиз билганингиздек, охири ўлади. Бу заиф умид. Бизнинг собиқ Ғарб ҳамкорларимиз ўзларининг стратегик нотўғри ҳисоб-китобларини тан олишга журъат этишларига умид қиламиз”, дейди Медведев.

Унинг сўзларига кўра, Ғарбнинг стратегик нотўғри ҳисоб-китобларидан 1,5 миллиарддан ортиқ одам жабр кўрган, глобал инфляция, озиқ-овқат танқислиги ва қашшоқлик кучайган.

Медведевнинг таъкидлашича, Россиянинг Ғарбдаги собиқ ҳамкорлар қонунчиликни ноқонуний экстратерриториал қўллаш ва рус илдизларига эга бўлган барча нарсаларга нисбатан камситувчи муносабатда бўлишдан воз кечишлари керак. 

“Агар бу амалга ошмаса, Россия Ғарб ҳамкорларисиз яшай олади. 20-асрда бўлгани каби. Қолаверса, бугунги кунда дунё Ғарб давлатлари чегараларигача умуман қисқаргани йўқ”, дея қўшимча қилди у.

Дмитрий Медведев адолатли дунё тартибини қуриш ҳақида ҳам гапирди. Сиёсатчининг фикрича, буни фақат тенг ҳуқуқли жамоат тузилмалари ўртасидаги очиқ мулоқот орқали таъминлаш мумкин. Ҳақиқий муроса ва келишувнинг асоси фақат суверен ҳамда мустақил томонларнинг иродаси бўла олади.

“Сиёсий жиҳатдан қарам қўғирчоқлар билан тинчликка эришишга уринишлар барбод бўлишга маҳкум”, дейди Медведев.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Медведев Россия-Украина уруши Украинага босқин Ғарб давлатлари

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг