Макрон Путинга глобал муаммо пайдо бўлаётганини айтди

Олам

image

Россия Украина музокараларда беқарорлиги ва жиддий натижаларга тайёрмаслигига қарамай, мулоқот учун очиқ. Бу ҳақда бугун, 3 май куни Россия Президенти Владимир Путин Франция раҳбари Эммануэль Макрон билан телефон орқали суҳбат чоғида айтиб ўтди.

“Россия Президенти Украина вакиллари билан музокаралар олиб боришнинг принципиал ёндашувларини айтиб ўтди ва Киевнинг номувофиқлиги ва жиддий ишлашни истамаслигига қарамай, Россия томони ҳали ҳам мулоқотга очиқ эканини таъкидлади”, дейилади Кремль хабарда.

Россия раҳбари, шунингдек, француз етакчисига ЕИ давлатлари томонидан Украина хавфсизлик кучлари содир этган ҳарбий жиноятларга эътибор бермаётганини айтиб ўтган.

“Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Украина хавфсизлик кучларининг ҳарбий жиноятларига эътибор бермаслиги, Донбасснинг шаҳар ва аҳоли пунктларининг оммавий ўққа тутилиши, бунинг натижасида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганига эътибор қаратилди”, дея таъкидлаган Кремль.

Бундан ташқари, Путин ва Макрон глобал озиқ-овқат хавфсизлигини ҳам муҳокама қилган. Франция томони глобал озиқ-овқат хвафсизлигини таъминлашда юзага келган муаммо сабаб хавотир билдирган.

“Шу нуқтаи назардан, Владимир Путин вазият биринчи навбатда Ғарб давлатларининг санкция чоралари туфайли мураккаблашганини таъкидлаб, глобал логистика ва транспорт инфратузилмасининг тўсиқсиз ишлаши муҳимлигини айтиб ўтган”, дейилади Кремль хабарида.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

40

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг