Краматорск вокзалига уюштирилган ракета ҳужуми қурбонлари 50 нафарга етди

Олам

image

Россия қўшинларининг Краматорскдаги темир йўл вокзалига ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганлар сони 50 кишига етди. Бу ҳақда Украинанинг Донецк вилояти маъмурияти раҳбари Павел Кириленко маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида беш нафар бола ҳам бор.

Кириленконинг қўшимча қилишича, жароҳатланган 98 киши Краматорск шифохоналарига ётқизилган, улардан 16 нафари бола, 46 нафари аёл ва 36 нафари эркак.

Краматорск мэри Александр Гончаренко шаҳар вокзалига ракета ҳужумидан кейинги вазият ҳақида гапирди.

“Кўпчилик шу қадар оғир аҳволда эдики, уларнинг қўллари ва оёқлари йўқ эди. Уларни бир вақтнинг ўзида 30-40 нафар жарроҳ операция қилди”, деган у.

Ракета парчалари зарба марказидан 40 метр узоқликда топилган, деган расмий. Унинг аниқлик киритишича, ўққа тутилган вақтда станцияда 4000 га яқин одам бўлган.

Ҳужумдан кў ўтмай Украина Президенти Владимир Зеленский Россия ҳарбийлари Краматорскдаги темир йўл вокзалига “Точка-У” ракетаси билан зарба берганини айтди.

Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Киевнинг Россиянинг Краматорскдаги темир йўл вокзалига ҳужуми ҳақидаги баёнотларини рад этди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

32

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг