Қозоғистоннинг янги Ҳукумати тузилди 

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Республика Ҳукуматининг янги таркиби тўғрисидаги фармонни имзолади, унда бир қатор Вазирлар маҳкамаси аъзолари ўз ўринларини сақлаб қолган, айримлари эса кўтарилган. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берган.  

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимини собиқ Бош вазир ўринбосари Роман Скляр эгаллаган, Бош вазир ўринбосари Ерали Туғжанов эса ўз лавозимини сақлаб қолган. Савдо ва интеграция вазири лавозимини сақлаб қолган Бахит Султонов ҳам Бош вазир ўринбосари бўлган. 

Қозоғистон Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазири вазирликнинг собиқ ўринбосари Асқар Умаров бўлган, Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг собиқ раҳбари Канат Мусин эса Адлия вазири лавозимини эгаллаган. Соғлиқни сақлаш вазири собиқ вазир ўринбосари Ажар Гиният бўлган. 

Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири вазирликнинг собиқ биринчи ўринбосари Каирбек Ускенбоев, Маданият ва спорт вазири эса Президент маъмурияти раҳбарининг собиқ биринчи ўринбосари Даурен Абаев бўлган. Собиқ вазир ўринбосари бўлган Алибек Қуантиров Миллий иқтисодиёт вазири лавозимини эгаллаган. 

Молия вазири Ерулан Жамаубаев, Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Багдат Мусин, Экология, геология ва табиий ресурслар вазири Сериккали Брекешев, Таълим ва фан вазири Асхат Аймагамбетов янги ҳукумат таркибида ўз портфелларини сақлаб қолган. Шунингдек, лавозимлар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Серик Шамкенов ва Фавқулодда вазиятлар вазири Юрий Ильинда сақлаб қолинган.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 11 январь куни Алихан Смоиловни Қозоғистон Бош вазири этиб тайинлаганди.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. Шундан сўнг, Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев мамлакат пойтахтида бўлиб турганини маълум қилди.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон

Баҳолаганлар

103

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг