Ўзбекистон Қозоғистон ва Хитой билан авиақатновлар сонини кўпайтиради

Жамият

−

image

Ўзбекистондан Қозоғистон ва Хитойга амалга ошириладиган мунтазам авиақатновлар сони оширилади. Хусусан, Хитой билан парвозлар ҳафтасига 100 тадан 114 тага, Қозоғистон билан эса айрим йўналишларда 42 тадан 60 тага етказилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, бу бўйича келишувлар жорий йилнинг 3–5 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё – Хитой (C5+1) фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳининг учинчи анжумани доирасида эришилган.

Хусусан, Ўзбекистон ва Қозоғистон авиация маъмуриятлари ўртасидаги музокараларда қуйидаги келишувларга эришилган:

  • Тошкент – Олмаота ва Тошкент – Остона йўналишларининг ҳар бирида мунтазам парвозлар сони ҳафтасига 42 тадан 60 тагача оширилади;
  • қолган барча йўналишларда эса парвозлар сони ҳафтасига 14 тадан 20 тага етказилади.

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги музокаралар якунида икки давлат ўртасидаги мунтазам авиақатновлар сонини ҳафтасига 100 тадан 114 тагача ошириш ҳуқуқи берилган. Эришилган келишувларни мустаҳкамлаш учун тегишли ҳужжатлар имзоланган.

Анжуманда Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон авиация маъмуриятлари ҳамда авиакомпаниялари вакиллари иштирок этган. Унда авиабозорни либераллаштириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, авиация инфратузилмасини ривожлантириш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, келишувлар йўловчилар учун сафар имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва туристик алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги, тўртинчи йиғилиши 2027 йилда Қирғизистонда ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Ироқ ўртасида тўғридан тўғри авиарейслар йўлга қўйилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг