Қозоғистонда қўшни давлат фуқаролари ҳам қўлга олинди

Олам 21376
image

Қозоғистондаги тартибсизликлардан сўнг мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари 4,2 мингдан ортиқ одамни ҳибсга олди. Улар орасида қўшни давлат фуқаролари ҳам бор. Бу ҳақда республика Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

“Полиция 4266 кишини қўлга олган. Улар орасида қўшни давлат фуқаролари ҳам бор”, дейилади ТАССнинг Қозоғистон ИИВга асосланиб тарқатган хабарида.

ИИБга кўра, Олма-отадаги қишлоқлардан бирида 100 дан ортиқ одам ушланган. Шунингдек, Жамбилдаги қишлоқлардан бирида ҳам қурол-яроғ омбори топилган. 

Бундан ташқари, техник хизмат кўрсатиш шохобчаларидан бирида Олма-отадаги полициячилар патронлар, ўқ-дорилар ва ўғирланган мол-мулклар (велосипед, телевизор ва уяли телефон)ни тортиб олган.

Аввалроқ, Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоевнинг узоқ йиллик ҳамкори, мамалакат Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раиси Карим Масимов давлатга хиёнат қилиш факти бўйича ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. 

Шунингдек, Биринчи Президентнинг собиқ маслаҳатчиси Ермухамет Ертисбаев “Хабар-24” телеканалига берган интервьюсида Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси мамлакат тоғли ҳудудларида намойишчилар ўргатилаётгани айтилган ўқув лагерлари ҳақидаги маълумотларни яширганини маълум қилганди. 

Маълумот учун, Қозоғистонда давлатга хиёнат қилишда айбдор бўлганлар ўн йилдан ўн беш йилгача Республика фуқаролигидан маҳрум этилиши мумкин.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 360
Рейтинг: 3
t
×